Инновацион ривожланиш вазирлигида илм-фан соҳасида фаолият юритаётган профессор-ўқитувчилар, тадбиркорлар ҳамда ёшларни ўйлантираётган муаммоларни ҳал қилиш ҳамда уларнинг ғоя ва таклифларини қўллаб-қувватлаш мақсадида Инновацион ривожланиш вазири Иброҳим Абдураҳмоновнинг навбатдаги шахсий қабули ўтказилди.
Шахсий қабулда вазир Фарғона давлат университети доценти Зуҳра Акбарова, «Голд бизнесс» МЧЖ вакили Бунёд Зоиржонов, «Боғи Фурқат» фермер хўжалиги раҳбари Тоҳиржон Аҳмедов, ТАТУ Қарши филиали вакили Барно Элмуродоваларни қабул қилди.
Хусусан, Фарғона давлат университети доценти З.Акбарова республикамизда мутахассислар томонидан шу кунгача амалий тадқиқот ва тажриба ишлари олиб борилмаганлигини инобатга олиб, илк бора «Нейропсихолингвистик илмий-ўқув тадқиқотлар маркази»ни ташкил этиш таклифи билан чиқди.
«Боғи Фурқат» ФХ раҳбари Т.Аҳмедов эса вазирлик томонидан молиялаштирилган «Фарғона водийси шароитида ток, мевали дарахтлар ва сабзавот ўсимликларининг йирик генетик ресурсларини тирик ҳолда сақлаш, иқлимлаштириш ҳамда биотехнология асосида етиштириш ва кўпайтиришнинг интенсив агротехнологияларини яратиш» бўйича стартап лойиҳаси натижасида эришилган ютуқлар ва олдинга қўйилган кейинги мақсадлари юзасидан маълумот берди.
Қабул давомида фуқаролар томонидан айтиб ўтилган масалалар бўйича соҳа мутасаддиларига аниқ вазифалар юклатилиб, вазирлик томонидан назоратга олинди.
Муҳайё Тошқораева, ЎзА