Arabic
Chinese
Turkish
Tajik
Kyrgyz
Turkmen
Japanese
Arabic
English
French
Spanish
Русский
German
Ўзбек
Oʻzbek
Қазақ
Вазирлик вакили ижтимоий тармоқларда эҳтиёжманд оилаларга ажратилаётган ёрдам ҳақидаги салбий фикрларга муносабат билдирди
15:29 / 2020-04-12

Бугун Ахборот ва оммавий коммуникациялар агентлиги ҳузурида ташкил этилган штабда Маҳалла ва оилани қўллаб-қувватлаш вазирлиги Ахборот хизмати раҳбари Саодат Боймирзаева иштирокида брифинг ўтказилди.


Бугун Ахборот ва оммавий коммуникациялар агентлиги ҳузурида ташкил этилган штабда Маҳалла ва оилани қўллаб-қувватлаш вазирлиги Ахборот хизмати раҳбари Саодат Боймирзаева иштирокида брифинг ўтказилди.

Брифингда муҳим савол ва мурожаатлар юзасидан жавоб қайтарилди:

Савол: Эҳтиёжманд оилаларга ажратилаётган озиқ-овқат маҳсулотларининг сифати ва миқдори ҳақида ижтимоий тармоқларда турли салбий фикрлар билдирилмоқда. Шу гаплар ростми? Турмуш даражаси ўта паст оилаларга ажратилаётган маҳсулотлар миқдорини 2-3 баробарга ошириш имкони борми?

Жавоб: Ҳомийлик хайрияларини мувофиқлаштириш марказларига келтирилаётган ҳар бир маҳсулот тури тегишли тартибда санитар-гигиена талабларидан келиб чиққан ҳолда тўлиқ кўрикдан ўтказилади.

Шунингдек, уларнинг истеъмолга яроқлилиги ҳамда бошқа жиҳатлари махсус вакилларимиз томонидан қайта-қайта текширилади.

Ишонч билан айтишим мумкинки, аҳолига берилаётган барча маҳсулотлар истеъмол учун яроқли. Ижтимоий тармоқлар орқали бу ҳолатларга ўз салбий муносабатларини билдираётган ҳамюртларимиздан берилаётган маҳсулотларни аввало шукроналик билан қабул қилишларини, агар эҳтиёжи бўлмаса, маҳсулотларни атрофингиздаги бошқа эҳтиёжманд оилаларга беришингизни сўраймиз.

Зеро, ҳозирги мураккаб кунларда ўша “атиги бир литр ёғ“ ёки “сифатсиз ва лойга ботган“ картошка деб баҳоланаётган маҳсулотларга жуда кўп оилаларимизнинг муҳтожлиги бор.

Айрим ҳудудларда ҳомийлар сони у қадар кўп эмаслиги аҳолига бериладиган озиқ-овқат миқдорига таъсир кўрсатади. Аминмизки, ҳудудларда ҳам ҳомийлик қилиш истагидаги кишилар сони ортади.

Савол: 2 та вояга етмаган фарзандим бор. Ҳеч қаерда ишламайман. Турмуш ўртоғим мактабда ўқитувчи бўлиб ишлайди. Маҳалла фуқаролар йиғинига болаларга бериладиган моддий ёрдам пули сўраб мурожаат қилгандим. Аммо маҳалла раиси “эрингизнинг ойлиги белгиланган миқдордан кўп. Сизга бола пули беролмаймиз“, деб қайтарди. Шу тўғрими? Менинг ишламаётганим бизга нафақа олишимизга бирон устунлик бермайдими?

Жавоб: Болали оилаларга нафақа, бола парвариши бўйича нафақа ва моддий ёрдам ҳар бир оила аъзосига ўртача ойлик жами даромад миқдори жами даромад аниқланаётган давр учун белгиланган меҳнатга ҳақ тўлашнинг энг кам миқдорининг 52,7 фоизидан ортиқ бўлмаган оилаларга тайинланади.

Ҳозирги даврда бу 358 минг сўмни ташкил этади. Яъни, сизнинг оилангизда 4 киши — сиз, турмуш ўртоғингиз ва 2 нафар фарзандингиз яшайди.

Турмуш ўртоғингизнинг ойлик маоши, дейлик, 2 миллион сўм. Яъни, белгиланган тартибга кўра, ҳисобланган 1 миллион 432 минг сўмдан кўп (358 000 х 4 = 1 432 000). Бундай вазиятда фуқаролар йиғини раисининг нафақа тайинлаш бўйича қилган мурожаатингизни қаноатлантирилмаслик учун ҳуқуқий асоси бор.

Асос — Вазирлар Маҳкамасининг 2013 йил 15 февралдаги 44-сон қарори асосида тасдиқланган “Кам таъминланган оилаларга ижтимоий нафақалар ва моддий ёрдам тайинлаш ва тўлаш тартиби тўғрисида“ги Низом.