Давлат орган ва ташкилотларида кадр сиёсатини юритишни баҳолаш бўйича 10 та индикатордан иборат рейтинг жорий қилинади ва у ҳар 6 ойда эълон қилиб борилади.
Бунинг ёрдамида давлат идораларидаги вакансиялар тўлдирилиши ва муддатларга риоя қилиниши, ходимларнинг қўнимсизлик даражаси ҳамда иш муҳити баҳоланади.
Президент ҳузуридаги Давлат хизматини ривожлантириш агентлиги департаменти мудири Илҳом Қурбонов бу қандай амалга оширилишини маълум қилди.
Янги тартиб учун 1 ой давомида хорижий тажриба, икки ҳафта давомида 15 дан ортиқ вазирлик ва идоралар мутахассислари иштирокида ўрганишлар олиб борилган. Натижада 10 та асосий ва қўшимча индикаторли рейтинг тизими яратилди. Рейтинг ҳам баҳоловчи ташкилот, ҳам баҳоланаётган субъект ташкилот томонидан биргаликда ишлаб чиқилди.
Рейтингда қўйидаги баҳолаш индикаторлари ва уларни ҳисоблаш усулларидан фойдаланилади:
Асосий индикаторлар:
Давлат ташкилотидаги вакансиялар даражаси;
вакант лавозимларнинг ёпилиш муддати;
давлат ташкилотидаги қўнимсизлик даражаси;
инсон капиталини ривожлантириш коэффициенти;
ходимларнинг юқори малака даражаси кўрсаткичи (фан номзоди, фалсафа доктори, фан доктори);
халқаро эътироф этилган рейтинг берувчи ташкилотларнинг юқори 500 талик рўйхатига киритилган хорижий ОТМларни тамомлаган ходимлар сони;
«Ягона миллий меҳнат тизими» идоралараро дастурий-аппарат комплексида мажбурий рўйхатдан ўтказиш даражаси.
Қўшимча индикаторлар:
маълумотларни ўз вақтида ва хатосиз тақдим этганлик бўйича;
умумий ходимлардаги хотин-қизлар улуши;
умумий ходимлардаги ёшлар улуши.
Рейтинг баҳолари формула орқали 100 баллгача асосий ва 20 баллгача қўшимча баллари асосида аниқланади:
«Аъло» даража — 81 баллдан 100 баллгача;
«Яхши» даража — 71 баллдан 80 баллгача;
«Қониқарли» даража — 55 баллдан 70 баллгача;
«Қониқарсиз» даража — 54 баллгача.
Баҳолашдаги индикаторлар кўрсаткичлари «Давлат фуқаролик хизмати ягона электрон ахборот-таҳлил тизими» дастурий-аппарат комплекси орқали аниқланади.
Д.Маматова,
ЎзА