Яна саноқли кунлардан кейин тилимизга Давлат тили мақоми берилганига 32 йил тўлади.
Шу қисқа давр ичида ҳам она тилимиз бир неча босқични бошдан кечирди.
Давлат тили ҳақидаги қонун, унинг ижроси, янги алифбо, давлат тилида иш юритиш – ҳамма-ҳаммаси ҳукумат эътиборида эканлиги ижобий ўзгаришларга омил бўлмоқда. Вазирлар Маҳкамасининг 2021 йил II- ярим йилликка мўлжалланган иш режасига мувофиқ, Маънавият ва давлат тилини ривожлантириш департаменти мутахассислари томонидан Ўзбекистон Республикаси «Давлат тили ҳақида»ги қонуннинг Мудофаа вазирлиги тизими ва Фарғона вилояти ҳокимлиги аппарати, шаҳар ва туман ҳокимликларидаги ижроси ўрганилди.
Мудофаа вазирлигида 2019 йил 1 январдан 2020 йил 1 январгача жами 1268 та буйруқдан 1164 таси давлат тилида, 104 таси бошқа тилда; 2020 йил 1 январдан 2021 йил 1 январгача 829 та буйруқдан 826 таси давлат тилида, 3 таси бошқа тилда; 2021 йилдан ҳозирги кунга қадар 741 та буйруқнинг барчаси давлат тилида чиқарилган.
Вазирлик тизимидаги идоралараро ҳужжатларнинг алмашинувида ҳам ижобий ҳолат кўзга ташланади. 2019 йил 1 январдан 2020 йил 1 январгача бўлган даврда жами 373 та ёзишмадан 132 таси давлат тилида, 241 таси бошқа тилда; 2020 йил 1 январдан 2021 йил 1 январгача 377 та ёзишмадан 361 таси давлат тилида, 16 таси бошқа тилда; 2021 йилдан то шу кунгача 468 та ёзишмадан 464 таси давлат тилида, 4 таси бошқа тилда чиқарилган.
Қонуннинг 20-моддасига мувофиқ вазирлик ва унинг тизимидаги Қуролли Кучлар Академияси, Шарқий ҳарбий округ ва «Ғалаба боғи» мажмуаси ҳудудидаги пешлавҳалар, йўналтирувчи ёзувлар, шиор ва баннерлар давлат тили меъёр-қоидаларига мос равишда лотин ёзувига асосланган ўзбек алифбосида ўрнатилган.
Фарғона вилояти бўйича жорий йилнинг то шу даврига қадар Давлат тилида иш юритиш ва малака ошириш институти вилоят филиали томонидан 472 нафар давлат ташкилотлари ходимлари ва раҳбарлари ўқитилган. Фуқаролиги йўқ шахслардан давлат тилини билиш даражаси бўйича имтиҳонлар натижасига кўра 93 нафарига сертификатлар берилган. Қонуннинг 22-моддасига кўра, реклама тайёрлаш ва жойлаштириш билан шуғулланувчи 9 та тадбиркорлик субъектлари раҳбарларидан фаолиятини ташкил этишда давлат тили ва реклама тўғрисидаги қонун ҳужжатларига қатъий амал қилиш бўйича тилхат олинган. Реклама, эълонларда кўп учрайдиган бошқа тилдан кириб келган (36 та) сўзнинг ўзбекча муқобилидан фойдаланиш бўйича тавсия киритилган. Шунингдек, 1012 та яроқсиз, давлат тили тўғрисидаги қонун талабларига зид бўлган реклама, ташқи ёзув ва бошқа ахборот матнлари олиб ташланган. Фарғона вилояти ва 19 та туман (шаҳар)лар ҳокимликларида маънавий-маърифий ишлар самарадорлигини ошириш, давлат тили тўғрисидаги қонун ҳужжатларига риоя этилишини таъминлаш масалалари бўйича маслаҳатчи лавозими жорий этилган. Вилоят бўйича мавжуд 13222 та географик объектларнинг тўлиқ хатлови амалга оширилиб, уларнинг рўйхатлари шакллантирилди. 4 та маҳалла, 134 та кўча номини ўзгартириш бўйича 19 та туман (шаҳар) кенгашларининг қарорлари қабул қилинган. Қонун талабларига жавоб бермайдиган 134 та кўча номи ўзгартирилган. Шунингдек, вилоятдаги 8905 та кўча номлари тўлиқ лотин алифбосига ўзгартирилди. 672 та кўчалар экспертизага берилган, Республика комиссиясига тақдим этилган ва 426 та кўча номлари қонун талабларига мувофиқлиги бўйича хулосалар олинган.
Аммо, ўрганишлар ҳали анча-мунча муаммолар ҳам борлигини кўрсатди. Масалан, қонуннинг 9-моддасига мувофиқ, Мудофаа вазирлигининг ҳарбий қисмларида рус тилида марказлашган ҳолда ишлаб чиқилган рўйхатга олиш дафтарларидан фойдаланилган. «Ғалаба боғи» мажмуасининг молия-бухгалтериясидаги ҳужжатлар рус тилида олиб борилган. Қонуннинг 20-моддасига мувофиқ вазирлик тизимидаги ташкилотларда ҳанузгача давлат тили қоидаларига амал қилмаслик ҳолатлари кузатилмоқда. Хусусан, ҳарбий округ ва ҳарбий қисмларда айрим пешлавҳа, шиор ва баннерлар бошқа тилларда ифодаланган. Ҳарбий хизматчиларда лотин алифбосида иш юритиш бўйича кўникмалар тўлиқ шаклланмаган. Ходимлар Алишер Навоий номидаги Тошкент давлат ўзбек тили ва адабиёти университети ҳузуридаги Давлат тилида иш юритиш асосларини ўқитиш ва малака ошириш курсларида малака оширишга режали тарзда юборилмоқда, бироқ, ҳарбий округ ва ҳарбий қисмларнинг ўзида давлат тилида иш юритиш бўйича малака ошириш курслари ташкил қилинмаган. Шунингдек, «Раҳбар кадрлар ва масъул лавозимларга тайинланадиган шахсларнинг давлат тилини билиш бўйича даража сертификатини бериш тартиби тўғрисидаги низомни тасдиқлаш ҳақида» 2021 йил 4 февралдаги 52-сон қарори ижроси ҳам етарли даражада таъминланмаган.
Фарғона вилояти мисолида ҳам қатор камчиликларни санаб ўтиш мумкин. Ҳужжатлар ва идоралараро ёзишмалар қонунчиликка зид равишда ҳанузгача бошқа тилларда баён қилинмоқда. Хусусан, 2019-2020 йилларда Сўх тумани ҳокимлигида идоралараро ҳужжатларнинг 2 таси, Фурқат туманида идоралараро ёзишмаларнинг 4 таси бошқа тилларда расмийлаштирилган. Қувасой ва Марғилон шаҳарларида маслаҳатчилар учун қулай шарт-шароит яратиб берилмаган. Жорий йилнинг 18 сентябрь куни ҳолатига кўра Фарғона шаҳрида 34 та, Қўқонда 21 та тадбиркорлик субъектларининг ташқи тарғибот воситалари – бекатлар, устунларга давлат тили ва реклама тўғрисидаги қонун ҳужжатларига зид равишда (бошқа тилларда) реклама, пешлавҳа ва эълонлар жойлаштирилган. Марғилон, Қувасой, Қува, Фарғона туманларида давлат тилига доир қонун ҳужжатлар мазмун-моҳиятининг тарғиботи бўйича етарлича ишлар амалга оширилмаган. Амалдаги раҳбар кадрларнинг давлат тилида иш юритиш бўйича малака ошириш жадвали тўла шакллантирилмаган.
Таъкидлаш лозимки, юқорида келтириб ўтилган камчилик, хато ва нуқсонлар биргина Мудофаа вазирлиги ёки Фарғона вилояти билан боғлиқ эмас. Вазирлар Маҳкамаси ҳузуридаги Маънавият ва давлат тилини ривожлантириш департаментининг ушбу хулосалари Қорақалпоғистон Республикаси, вилоятлар ва Тошкент шаҳри, барча вазирлик ва идораларда давлат тилига янада эътиборлироқ бўлиб иш юритишни тақозо этади.
А.Нарзуллоев, ЎзА