Вазирлик ходимлари коронавирус ҳақида ёлғон хабар тарқатаётган гуруҳларга эътибор қаратмоқда
Карантин даврида боғча мудиралари ва методистлар томонидан ота-оналар билан тушунтириш ишлари олиб борилади.
Ўзбекистонда коронавирус тарқалишининг олдини олиш бўйича чора-тадбирлар доирасида 2020 йил 18 мартдан бошлаб республикадаги барча мактабгача таълим ташкилотларининг ходимларига навбатдан ташқари ҳақ тўланадиган таътил берилди.
Карантин тугагунга қадар мактабгача таълим ташкилотларида фақат уларнинг мудиралари, методистлар, фаррошлар, қоровуллар ва хўжалик бўлими мудирлари бўлади. Қолган ходимлар махсус буйруқ чиққунга қадар таътилда бўлади.

Карантин даврида боғча мудиралари ва методистлар томонидан ота-оналар билан тушунтириш ишлари олиб борилади. Улар ота-оналарга болаларнинг вақтини мазмунли ташкил қилиш усулларини тушунтиради, янги ривожлантирувчи ўйинларни ўргатади.
Ўзбекистон Республикаси мактабгача таълим вазири Агриппина Шиннинг сўзларига кўра, коронавирус тарқалишининг олдини олиш мақсадида мактабгача таълим ташкилотларининг барча ўқув ва хўжалик хоналарида зарарсизлантириш (дезинфекция) ишлари олиб борилади. Барча ишлатилган ускуналар, мебеллар, болалар ўйинчоқлари ва санитария техник воситалари зарарсизлантирилади. Таъкидлаш жоизки, профилактика тадбирлари шу ойнинг бошларида бошлаб юборилган эди. Ана шу мақсадда ҳар бир мактабгача таълим ташкилотида махсус штаблар ташкил этилган.
Бундан ташқари, жорий йилнинг 3 мартида Ўзбекистон Республикаси Мактабгача таълим вазирлиги ва Соғлиқни сақлаш вазирлиги ҳамкорлигида барча мактабгача таълим ташкилотлари раҳбарлари иштирокида видеоселектор йиғилиши ўтказилиб, боғча мудиралари ва методистларга зарур профилактика чора-тадбирлари хусусида кўрсатмалар берилган эди. Шунингдек, барча мактабгача таълим ташкилотларида коронавирус тарқалиши ҳақида ҳикоя қилувчи постерлар илиб чиқилган эди.
Мактабгача таълим ташкилотларида болалар билан олиб бориладиган машғулотлар уларнинг ривожланишига катта таъсир кўрсатади ва болаларни мактабга тайёрлайди.
Ўзбекистон Республикаси Мактабгача таълим вазирлиги карантин даврида ўтказилмаган машғулотлар ўрнини қоплаш мақсадида Ўзбекистон Миллий телерадиокомпанияси билан яқин ҳамкорлик қилади. Масалан, болалар учун видеодарслар ва уларнинг ота-оналари учун маҳорат дарслари ўтказиш мақсадида ушбу вазирликка учта телеканалда эфир вақти тақдим этилади.
Кўплаб хусусий мактабгача таълим ташкилотлари ўз фаолиятини бошлаш, ижара ва биноларни таъмирлаш учун кредит олган эди. Шу боис, карантин улар учун кучли зарба бўлди. У кўплаб болалар боғчалари, ривожлантирувчи тўгаракларнинг ёпилишига сабаб бўлиши мумкин. Вазирлик кўмагида 800 дан зиёд ана шундай хусусий мактабгача таълим ташкилотлари имтиёзли кредит олган эди. Ҳозирда Ўзбекистон Республикаси Мактабгача таълим вазирлиги Молия вазирлиги ва Марказий банк билан ҳамкорликда ушбу қийин вазиятдан чиқиш йўлларини изламоқда.
Айни пайтда вазирлик ижтимоий тармоқларга хос бўлган ваҳима билан ҳам кураш олиб бормоқда. Шу мақсадда махсус ишчи гуруҳи ташкил этилди ва Telegram мессенжери учун бот яратилди. Вазирлик ходимлари ижтимоий тармоқларда коронавирус ҳақида ёлғон хабар тарқалаётган барча гуруҳларга эътибор қаратмоқда. Мутахассислар томонидан сохта постлар аниқланганда, мазкур гуруҳларда тушунтириш ишлари олиб борилмоқда.