Сўнгги кунларда ижтимоий тармоқларда 15 миллион нафар фуқарога тегишли шахсий маълумотлар сизиб чиққанлиги ҳақида хабарлар тарқалди. Мазкур ҳолат жамоатчилик орасида турли муҳокамаларга сабаб бўлди.
Рақамли технологиялар вазирлигида ўтказилган матбуот анжуманида ушбу хабарларга расмий изоҳ берилди. Унда вазир Шерзод Шерматов иштирок этди. Таъкидланишича, жорий йилнинг 27-30 январь кунлари 3 та давлат идорасининг ахборот тизимларига киберҳужум уюштирилган. Ҳолат ваколатли органлар томонидан тезкор ўрганилган.
Дастлабки таҳлиллар натижасига кўра, ижтимоий тармоқларда айтилганидек, 15 миллион эмас, тахминан 60 мингга яқин маълумот ёзувлари ҳақида гап бораётгани аниқланган. Шу боис, кенг тарқалган рақамлар асоссиз экани маълум қилинди.

Киберҳужум оқибатларини бартараф этиш мақсадида ахборот тизимларида қўшимча ҳимоя чоралари кўрилган. Жумладан, Ягона идентификация тизими (OneID) фойдаланувчиларининг пароллари янгиланган, хавфсизлик механизмлари кучайтирилган ҳамда шахсий маълумотларни фақат фуқаро розилиги асосида тақдим этиш имкониятлари такомиллаштирилган.
Мутахассисларнинг тушунтиришича, “шахсий маълумот сизиб чиқиши” аккаунт бузилди дегани эмас. Айрим ҳолларда фақат исм-фамилия, туғилган сана ёки телефон рақами каби маълумотлардан бири қўлга киритилган бўлиши мумкин. Бироқ фуқаронинг шахсий иштирокисиз унинг номидан молиявий операцияларни амалга оширишнинг имкони йўқ.
Шу билан бирга, фуқаролардан кибергигиена қоидаларига қатъий риоя қилиш сўралди. SMS-код, парол ва банк карта маълумотларини ҳеч кимга бермаслик, шубҳали қўнғироқ ва ҳаволаларга ишонмаслик, икки босқичли ҳимояни ёқиш тавсия этилди.
Шунингдек, вазирлик жамоатчиликни расмий манбаларга таянишга ва тасдиқланмаган хабарларни тарқатмасликка чақирди.
Нигора Раҳмонова, ЎзА