Русский
Chinese
Turkish
Tajik
Kyrgyz
Turkmen
Japanese
Arabic
English
French
Spanish
Русский
German
Ўзбек
Oʻzbek
Қазақ
Вазирлар кенгаши раисининг мурожаати тингланди
21:16 / 2020-12-21

Нукусда Қорақалпоғистон Республикаси Жўқорғи Кенгесининг ўн биринчи сессияси бўлиб ўтди.

Тадбир иштирокчилари дастлаб Ўзбекистон Республикаси Савдо-саноат палатаси Қорақалпоғистон Республикаси бошқармасида ташкил қилинган тадбиркорлар, фермерлар ва ҳунармандлар томонидан ишлаб чиқарилган маҳсулотлар кўргазмаси билан танишди.

Тадбирда Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлиси Сенати, Қорақалпоғистон Республикаси ҳукумати аъзолари, сектор, соҳа ва ҳуқуқни муҳофаза қилувчи органлар раҳбарлари, шаҳар ва туманлар ҳокимлари, оммавий ахборот воситалари вакиллари ва блогерлар иштирок этди.

Таъкидланганидек, давлатимиз раҳбарининг жорий йилнинг 2 октябрь куни Қорақалпоғистон Республикасига ташрифи давомида Оролбўйини ижтимоий-иқтисодий жиҳатдан ривожлантириш, аҳолининг ободон турмуши билан боғлиқ устувор вазифаларни белгилаб берган эди. Хусусан ҳудудларни комплекс ривожлантириш, тадбиркорликни қўллаб-қувватлаш, камбағалликни қисқартириш, ташқи иқтисодий алоқаларни мустаҳкамлаш, саноат ва кооперацияни ривожлантириш, ижтимоий ва бошқа соҳалар бўйича аниқ вазифалар белгиланди.

Президентимизнинг жорий йил 11 ноябрдаги “2020-2023 йилларда Қорақалпоғистон Республикасини комплекс ижтимоий-иқтисодий ривожлантириш чора-тадбирлари тўғрисида”ги қарори асосида уч  йиллик Дастур ишлаб чиқилди ва қатор муҳим  вазифалар белгиланди.

Кун тартибидаги дастлабки масала бўйича 2020 йилда Қорақалпоғистон Республикасини ижтимоий-иқтисодий ривожлантириш якунлари ва келгуси йилга белгиланган режалар тўғрисида Вазирлар Кенгаши Раиси Қ.Сариевнинг мурожаати тингланди.

Таъкидланганидек, давлатимиз раҳбарининг “Мамлакатимиз пандемия шароитида янада қудратлироқ бўлиши ҳамда бу синовлардан кам талофат билан ўтиб олиши учун биздан бугун темир интизом, масъулият, сабр ва юксак тафаккур талаб этилади”, деган даъватлари ҳамда аниқ мақсад ва вазифаларни ўзида жамлаган фармон ва қарорлари асосида халқимизнинг яшаш шароитларини яхшилаш ҳамда аҳоли орасида тадбиркорликни ривожлантириш, иқтисодиёт тармоқларининг юқори ўсиш суръатларини таъминлаш, аҳолининг даромадларини ошириш, қишлоқ хўжалиги, таълим, тиббиёт, спорт, маданият ва бошқа соҳаларда кенг кўламли ишлар олиб борилди. Айниқса, Президентимиз томонидан жорий йилнинг 24 январь куни Олий Мажлисга йўлланган Мурожаатномада камбағалликни камайтириш хусусида тўхталиб, бир қатор вазифалар белгилаб берилган эди.

Шундан келиб чиққан ҳолда, ўтган давр мобайнида пандемия шароитида иқтисодиёт тармоқларини,  шу жумладан тадбиркорлик субъектларини узлуксиз ишлашини таъминлаш, бюджетга тушумлар миқдорини кўпайтириш ва бу орқали ёрдамга муҳтож аҳоли қатламини ҳар тарафлама қўллаб-қўллаб-қувватлаш бўйича бир қатор ишлар олиб борилди. Хусусан, пандемия даврида Қорақалпоғистон Республикасидаги 1968 та корхона ўз фаолиятини вақтинча тўхтатган эди.

Давлатимиз раҳбари  томонидан берилган топшириқлардан келиб чиқиб, сектор раҳбарлари ва бошқа мутассади ташкилотлар билан бирга корхоналар кесимида иш олиб борилди ва бугунги кунда барча корхоналарнинг фаолияти қайта тикланди. Бунинг натижасида, жорий йил якуни билан саноат ишлаб чиқариш ҳажми 14,0 триллион сўмни ташкил қилиб, ўтган йилга нисбатан 104 фоизга ўсиши, истеъмол товарлари эса 105,2 фоизга, қишлоқ хўжалиги 104,1 фоизга, хизматлар ҳажми 104,4 фоизга ошиши кутилмоқда.

[gallery-534]

Жорий йилда Президентимиз ташшаббуси билан кичик бизнес ва тадбиркорлик соҳаси вакилларига кенг кўламли қулайлик ва имкониятлар яратиб берилди. Хусусан, бугунги кунга қадар аҳолини тадбиркорликка жалб қилиш, оилавий тадбиркорликни ривожлантириш мақсадида тижорат банклари томонидан 10991 та жисмоний ва юридик шахсга жами 385,6 миллиард сўм миқдорида имтиёзли кредит маблағи ажратилди. Жумладан “Ҳар бир оила-тадбиркор” дастури асосида 9901 та жисмоний ва юридик шахсга 318,4 миллиард сўм, “Фермер, деҳқон хўжаликларини қўллаб-қувватлаш жамғармаси” ҳисобидан 62 та лойиҳага 3,7 миллиард сўм, ҳунармандчилик соҳасидаги 692 та лойиҳага 21,9 миллиард сўм; хотин-қизларни ва оилани қўллаб-қувватлаш жамоат фонди ҳисобидан 207 та лойиҳага 4,8 миллиард сўм,  “Yoshlar – kelajagimiz” дастури асосида 117 та лойиҳага 36 миллиард сўм имтиёзли банк кредити берилди. 

Шунингдек, 3519 нафар тадбиркорнинг 712 миллиард сўмлик кредити пролонгация қилинди, яъни тўлов муддати узайтирилди. Натижада, жорий йил якунига қадар 4409 та янги кичик бизнес субъекти ташкил этилиб, ўтган йилга нисбатан 2 баробар ошади. 

Жорий йилнинг январь-октябрь ойларида импорт ҳажми ўтган йилнинг шу даврига нисбатан 37,0 фоизга, яъни 141 миллион долларга камайган бўлса, ҳудудий экспортёр корхоналар томонидан 2020 йилнинг январ-ноябрь ойларида 91,4 миллион долларлик маҳсулот экспорти амалга оширилиб, ўтган йилга солиштирганда 152 фоизга ошди. Ҳозирги кунда 141 тадан ортиқ экспортёр корхона дунёнинг 30 тадан ортиқ давлатига маҳсулот чиқармоқда. Олдин экспорт қилинмаган микротальк, мева шарбатлари, шиша идишлари, кир ювиш кукуни каби янги маҳсулотлар ўзлаштирилиб, йил бошидан янги экспортёр корхоналар сони 28 тага кўпайди.

Коронавирус пандемияси оқибатида нафақат кам таъминланган оилалар, балки кўплаб фуқароларимиз даромадини йўқотиб, ишсиз қолишди. Шу сабабли бу муаммони ўзимизга асосий вазифа сифатида қараб, айниқса “темир дафтар”га  киритилган эҳтиёжманд аҳоли, хотин-қизлар ва ёшлар бандлигини таъминлаш борасида бир қатор чора-тадбирлар амалга оширилди.Хусусан, 2020 йилнинг ўтган 11 ойида 94 минг 376 нафар фуқарога аҳоли бандлигини таъминлаш маркази томонидан хизматлар кўрсатилди. 

Эҳтиёжманд оилаларга моддий ёрдам учун Қорақалпоғистон Республикаси маҳаллий бюджетлари даромадлар режасини ошириб бажарилган қисми ҳисобидан жами 20 миллиард сўм маблағ ажратилди.  2020 йилнинг Инвестиция дастури асосида 398 та ижтимоий соҳа ва инфратузилма объектида 747 миллиард сўмлик қурилиш, реконструкция ва мукаммал таъмирлаш ишлари амалга оширилди. 

Кейинги йилларда қишлоқ хўжалиги соҳасини ислоҳ қилиш ва бозор механизмларини жорий этиш бўйича қатор ишлар амалга оширилди. Янги технология ва инновацияларни жорий қилиш, ҳосилдорликни ошириш ҳамда аҳолининг озиқ-овқат маҳсулотларига бўлган талабини қондириш мақсадида ҳудудимизда 13 та ғаллачилик, 12 та мева-сабзавот, 6 та шоличилик ҳамда 10 та пахта-тўқимачилик кластери ташкил этилди. Жорий йилда 53 та Ирригация ва мелиорация объектида 1453,7 километр қуриш, реконструкция ва таъмирлаш ишларининг бажарилиши натижасида 54,5 минг гектар ер майдонининг мелиоратив аҳволи ҳамда 21,5 минг гектар ер майдонининг сув таъминоти яхшиланди. Шунингдек, 175 гектар ғўза майдонларида сув тежовчи технологиялари жорий қилиниб, 10 та фермер ва 1 та кластер корхонасига 1 миллиард 400 миллион сўм субсидия маблағи ажратилди. Жорий йилда чорвачилик соҳасида қиймати 293 миллиард сўмлик 220 та лойиҳа молиялаштирилиб,  126 та лойиҳа тўлиқ ишга туширилди. Натижада, 4655 бош наслли қорамол ҳамда 2 мингдан ортиқ наслли қўй олиб келинди.

Депутатлар мурожаат бўйича ўзларини қизиқтирган саволларга жавоб олдилар.

Сессия кун тартибида бошқа масалалар ҳам кўриб чиқилиб, тегишли қарорлар қабул қилинди.

Сессияда Қорақалпоғистон Республикаси Жўқорғи Кенгеси Раиси М.Камалов, Ўзбекистон  Республикаси Президенти Администрацияси ҳузуридаги Ахборот ва оммавий коммуникациялар агентлиги директори А.Ходжаев иштирок этди.

Довуд АБИБУЛЛАЕВ, Мақсад ҲАБИБУЛЛАЕВ (сурат), ЎзА