Spanish
Chinese
Turkish
Tajik
Kyrgyz
Turkmen
Japanese
Arabic
English
French
Spanish
Русский
German
Ўзбек
Oʻzbek
Қазақ
Вазир жамғармаси устамасига даъвогарлар тест топширди
18:16 / 2024-02-20

Фарғонада мактабгача ва мактаб таълими вазири жамғармаси ҳисобидан 2024 йилда ҳар ойлик устамага даъвогар педагогларнинг саралаш имтиҳонлари бошланди.Унда умумтаълим мактабларида фаолият юритаётган 363 нафар ўқитувчи тест синовларини топширди.

Мамлакатимизда халқ таълими тизимида меҳнат фаолиятини амалга ошираётган ва ўқувчилари юқори натижаларга эришган малакали педагог кадрларнинг меҳнатини рағбатлантириш ҳамда ўз устида доимий ишлайдиган, ўзининг ўқитиш услубига ва халқ орасида обрў-эътиборга эга бўлган ўқитувчиларни янада қўллаб-қувватлашга муҳим эътибор қаратилмоқда. Мактабгача ва мактаб таълими вазири жамғармасининг ташкил этилгани бугунги кунда ўз самарасини бермоқда. Ўтган ўқув йилида 156 нафар фарғоналик ўқитувчи саралаш жараёнидан муваффақиятли ўтиб, устама олишга эришди. 

2024 йилда Вазир жамғармасидан ойлик устама оладиган педагогларнинг сони Республика бўйича 1 минг 250 нафар этиб белгиланди (1 минг 150 та квота умумтаълим муассасалари педагоглари учун, 100 та квота Ихтисослашган таълим муассасалари педагоглари учун ажратилган). Бу квота “Бошланғич таълим”, “Аниқ ва табиий фанлар”, “Хорижий тиллар”, “Ижтимоий фанлар” ва “Амалий фанлар” йўналишлари бўйича туман (шаҳар)лар бўйича тақсимланди. 

[gallery-16057]

Вазир жамғармасидан ойлик устама олувчи ғолибларни аниқлаш номзодлар орасида икки босқичда амалга оширилади. 

Фарғона шаҳридаги 40-ихтисослашган давлат умумтаълим мактабида тест жараёнлари шаффоф ва адолатли тарзда ўтказилди. Бунинг учун даъвогарларга барча шароит яратилди. 

–Ўқитувчининг зиммасида бугунги кунда катта масъулият бор, -дейди Олтиариқ туманидаги 12-мактаб ўқитувчиси Козимжон Раҳимов. –У изланмаса, янгиликка интилмаса, сифатли таълимни бера олмайди. Шу билан бирга уларнинг меҳнатини рағбатлантириш ҳам эътиборда. Айнан вазир жамғармасининг ойлик устамаси ҳам илғор педагоглар учун катта имкониятдир. Мен ҳам шу саралашда иштирок этмоқдаман. 

М.Сулаймонов, М.Қодиров (сурат), ЎзА мухбирлари