Айниқса, ўзининг қисқа, аммо мазмунли беш йиллик фаолияти давомида юртимизда миллий мусиқа санъати ривожига салмоқли ҳисса қўшиб келаётган Юнус Ражабий номидаги Ўзбек миллий мусиқа санъати институти янги ўқув йилини катта мақсадлар, янгича ташаббуслар ва юксак марралар билан кутиб олди.
Шу муносабат билан мазкур институтда Ўзбекистон Республикаси маданият вазири Озодбек Назарбеков иштирокида “Вазир ва ёшлар” учрашуви бўлиб ўтди.
Мулоқот аввалида институтнинг бир гуруҳ илмий ходимларига Олий аттестация комиссияси томонидан тақдим этилган илмий унвон ва даражалар топширилди. Бу илмий ютуқлар олийгоҳда илм-фан ва таълим сифати изчил ошиб бораётганидан далолат.

Тадбирда жорий йил Озарбайжонда ўтказилган “Муғом олами” халқаро VII фестивалида ғолибликни қўлга киритган институт ижодкорлари ҳам тақдирланди. Уларнинг муваффақияти нафақат институт, балки мамлакатимиз санъат мактабининг халқаро майдондаги обрўсини янада юксалтирди.

Вазир Озодбек Назарбеков учрашув давомида институтнинг 1-босқич бакалавр ва магистрантлари билан самимий суҳбат ўтказди. Ёшлар ўзларини қизиқтирган саволлари билан мурожаат қилиб, фикр ва таклифларини билдирди.
Юнус Ражабий номидаги Ўзбек миллий мусиқа санъати институти қисқа вақт — бор-йўғи 5 йил ичида ўзининг мустаҳкам илмий ва ижодий салоҳиятини намоён этиб, мамлакатда миллий мусиқа санъати ривожига муносиб ҳисса қўшиб келмоқда.

Янги ўқув йилида ҳам олийгоҳда илмий ва ижодий лойиҳалар, халқаро ҳамкорлик дастурлари ҳамда талабаларнинг кенг қамровли ташаббуслари изчил давом этмоқда.
Н.Усмонова, ЎзА