Arabic
Chinese
Turkish
Tajik
Kyrgyz
Turkmen
Japanese
Arabic
English
French
Spanish
Русский
German
Ўзбек
Oʻzbek
Қазақ
Вазир ёшлар билан учрашди
18:42 / 2024-10-12

Ўзбекистон Республикаси Соғлиқни сақлаш вазири Асилбек Худоёров Абу Али ибн Сино номидаги Бухоро давлат тиббиёт институтида “Вазир ва ёшлар учрашуви” лойиҳаси доирасида бўлажак шифокорлар билан учрашди.

Учрашув иштирокчилари институт ҳовлисида ташкил этилган устозлар хотира хиёбонида бўлди, ҳамда “Яшил макон” умуммиллий лойиҳаси доирасида экилган дарахтлар кўздан кечирилди. Шунингдек, янгидан барпо этилган институт кампуси макети орқали олийгоҳдаги мажмуалар билан танишилди. 900 ўринли ўқув биноси, 200 ўринли клиника, симуляция ўқув марказларини ўз ичига олган ҳамда жаҳон стандартлари талабига жавоб берадиган яхлит жойлашган кампус фаолиятига юқори баҳо берилди.

Шунингдек, вазир Ахборот ресурс марказида илмий ишланмалар, лойиҳа ва патентлашга тайёрланган ғоялар билан танишар экан Бухорода илмий салоҳият анча юқори эканини эътироф этди. Жамиятимиз келажаги бўлган ёшларга  тиббиёт тизими ривожи учун илм ва амалиётни уйғунлаштириш зарурлиги таъкидланди. Ўзининг аъло ўқиши ва институт маънавий-маърифий муҳитида муносиб ҳисса қўшган бир гуруҳ талабалар вазирлик ташаккурномаси билан тақдирланди.

Асилбек Худоёров ўзининг илмий ишланмалари устида изланишлар олиб бораётган иқтидорли талабаларни, илмли ёшларни рағбатлантириб боришда Бухоро тажрибаси сифатида мамлакат миқёсида татбиқ этиш кераклигини айтиб ўтди. Рақобатбардош кадр бўлиб етишиш учун талабаларга ўз устида ишлашлари бўйича керакли йўналишлар берилди. Жумладан хорижий тилларини ўрганиш, интернет тармоқларидан унумли фойдаланиш, жаҳон тажрибасини ўрганишни жадаллаштириш лозимлигини қайд этди.

Зариф Комилов, ЎзА мухбири.