Шу йилнинг 11 ойи давомида мамлакатимизда 10 минг 222 та ёнғин содир бўлган. Бу ўтган йилга нисбатан 17 фоизга ошган. Оқибатда 102 нафар фуқаро тан жароҳати олган, 67 нафари вафот этган. Ёнғинларнинг асосий қисми эътиборсизлик, электр ва иситиш тизимларидан нотўғри фойдаланиш оқибатида юзага келган. Жами ёнғинларнинг 76 фоизи аҳоли хонадонларига тўғри келмоқда.
Бу ҳақда фавқулодда вазиятлар вазири Ботир Қудратхўжаев Қонунчилик палатаси мажлисида маълум қилди. Мажлисда вазирнинг “Аҳолини ёнғинлардан муҳофаза қилиш, хусусан, ижтимоий соҳа объектларида ёнғин хавфсизлигини таъминлаш борасида амалга оширилаётган ишлар тўғрисида”ги ахбороти эшитилди.
Таъкидланганидек, мамлакатимизда табиий ва техноген хусусиятли фавқулодда вазиятларнинг олдини олиш ва уларни бартараф этиш мақсадида ёнғинлар, ис газидан заҳарланиш, техник носозликлар ва бошқа хавфли ҳолатларнинг олдини олишга қаратилган профилактик тадбирлар амалга оширилмоқда. Аҳоли ўртасида ёнғин хавфсизлиги қоидаларига риоя этиш маданиятини ошириш, электр ва газ ускуналаридан хавфсиз фойдаланиш бўйича тушунтириш ишларини кучайтириш мақсадида корхона ва ташкилотлар, маҳалла ва хонадонлар кесимида профилактика ишлари самарали ташкил этилмоқда.

Давлат назорати инспекторлари томонидан рўйхатга олинган 323 минг 93 та корхона ва ташкилотнинг 79 минг 432 тасида батафсил ва назорат тартибидаги текширувлар ўтказилди. Корхона ва муассасалар раҳбарларига давлат назорати инспекторларининг ёзма кўрсатмалари тақдим этилиб, кўплаб қонун бузилиши ҳолатларининг бартараф этилишига эришилди. Жумладан, корхоналар раҳбарларига 1 миллион 300 минг банддан иборат бажарилиши лорзим бўлган вазифалар белгилаб берилди.
Ёнғин хавфсизлиги қоидаларини бузган 51 минг 824 нафар раҳбар, жавобгар шахслар ва фуқаролар 31 млрд. 803 млн. 458 минг сўм миқдорида маъмурий жаримага тортилди. Ёнғин содир бўлишига олиб келиши мумкин бўлган 22 минг 642 та бино (иншоот)нинг иш фаолияти вақтинчалик тўхтатилиб, 112 минг 527 та носоз электр ускуна манбасидан узилди.

Олиб борилган профилактик тадбирлар давомида ёнғин хавфсизлиги қоидаларини тарғиб қилиш ва бу борада фуқароларнинг саводхонлигини ошириш мақсадида жами 9 миллионга яқин фуқарони қамраб олган ҳолда суҳбат ва йўл-йўриқлар ўтказилди.
Аҳоли ҳаётини ёнғинлардан ҳимоя қилиш, кенг омма орасида тарғибот-ташвиқот ва тушунтириш ишларини олиб бориш мақсадида марказий ва маҳаллий телевидение орқали 13 минг 269 та, электрон реклама таблоларида 150 минг 389 та роликлар намойиш этилди. Шунингдек, ҳудудий фавқулодда вазиятлар бошқармаларининг веб-сайтлари ва бошқа ижтимоий тармоқларда тизимда амалга оширилаётган ишлар, фуқароларни огоҳликка чорловчи эълонлар, хабарлар, лавҳалар ва содир бўлган фавқулодда вазиятлар, шу жумладан ёнғинлар ҳақида маълумотлар жойлаштирилди.
Вазирнинг қайд этишича, мактабгача таълим ташкилотлари ва умумтаълим мактабларининг ёнғин хавфсизлиги талабларига риоя этилиши юзасидан режага асосан текширувлар ўтказилиб, таълим ташкилотлари масъуллари билан аксарият объектларнинг ёнғинга қарши аҳволини яхшилашга қаратилган бир қатор ишлар амалга оширилган. Назорат тадбирлари жараёнида объектларда аниқланган 68 минг 536 та қоидабузарликдан 32 минг 59 тасининг бартараф этилишига эришилган.
Олий ва ўрта таълим муассасаларидаги назорат тадбирлари жараёнида объектларда аниқланган 4 минг 252 та қоидабузарликдан 2 минг 175 таси, тиббиёт муассасаларидаги назорат тадбирларида эса объектларда аниқланган 15 минг 402 та қоидабузарликдан 7 минг 284 тасининг бартараф этилишига эришилган. Таълим масканларида сентябрдан буён 2 минг 400 дан ортиқ тарғибот тушунтириш тадбирлари ўтказилди.
Вазир келгусидаги ишлар ҳақида тўхталар экан, 2028 йил 1 декабрга қадар фавқулодда вазиятлар органларида замонавий технологиялар ва рақамли ечимлар татбиқ этилиб, рақамлаштириш 60 фоизга етказилишини айтиб ўтди. Фавқулодда вазиятлар ҳолатида аҳолини огоҳлантириш бўйича замонавий терминаллар жорий этилади, аҳоли пунктларининг умумий хусусиятлари ва хавф манбаларини ўз ичига олувчи маҳалла паспортининг автоматлаштирилган шакли ишлаб чиқилади. Ёнғиндан огоҳлантириш қурилмалари, сигнализация симларидан сигналларни қабул қилишнинг ягона платформаси яратилади. Чегара ҳудудлар бўйича рақамли харита ишлаб чиқилади.
Муҳтарама Комилова, ЎзА