Ўзбекистон Республикаси ахборот технологиялари ва коммуникацияларини ривожлантириш вазири Шерзод Шерматов “Veon” телекоммуникация холдинг компанияси раҳбарияти билан учрашув ўтказди. Тадбир компания директорлар кенгаши йиғилиши доирасида бўлиб ўтди.
Мулоқот чоғида “Veon” компанияси директорлар кенгаши раиси Гуннар Холт, бош ижрочи директор Каан Терзиоғлу, бош маслаҳатчи Борис Тадич ва “Beеline Uzbekistan” компанияси бош директори Анжей Малиновски қатнашди.
Вазирлик маълумотига кўра, томонлар мамлакатимиз телекоммуникация хизмати бозорини янада ривожлантириш, соҳага инвестиция жалб қилиш истиқболи муҳокама қилинди.
Ўзбекистонга ахборот технологиялари экспортини ошириш муҳимлиги, “Veon” компаниясининг юртимизда IT соҳаси бўйича таълимни ривожлантириш жараёнидаги иштирокини ошириш зарурлиги таъкидланди.
Энг илғор технологияларни амалиётга жорий қилиш юзасидан фикр алмашилди. Шунингдек, ўзаро манфаат келтирувчи истиқболли йўналишлар, жумладан, АКТни ривожалнтириш соҳасида ҳар томонлама шерикликни кенгайтириш масаласи муҳокама қилинди.
Роман БОНДАРЧУК, ЎзА