Рақамли технологиялар вазири Шерзод Шерматовнинг Сурхондарё вилоятига ташрифи доирасида IT Park Сурхондарё филиали ҳузурида ташкил этилган илк стартап студияга борди.
Вазир студияда яратилган шароитлар ҳамда ҳудудда стартап экотизимини ривожлантиришга қаратилган инфратузилма билан танишди. Дастлаб филиал резидентлари ўз лойиҳаларини тақдим этиб, уларни маҳаллий ва халқаро бозорларга олиб чиқиш истиқболлари муҳокама қилинди.

Мазкур студия ёшлар учун замонавий иш муҳити, техник база ва менторлик кўмагини тақдим этиб, ғоядан тайёр маҳсулотгача бўлган жараённи қўллаб-қувватлайди. Шунингдек, стартап студия имкониятларидан фойдаланаётган маҳаллий фрилансер Ленур Ташпўлатов жамоаси фаолияти билан ҳам танишилди. Жамоа томонидан амалга оширилаётган АКТ лойиҳалар, кўрсатилаётган хизматлар ҳамда келгусидаги режалар тақдим этилди.


Ёш мутахассисларнинг ташаббуслари ва уларни қўллаб-қувватлаш механизмлари алоҳида эътироф этилди. Ташриф якунида вазир стартаплар ва фрилансерлар фаолиятини янада кенгайтириш, уларнинг маҳсулот ва хизматларини бозорга чиқаришда амалий кўмак бериш бўйича тавсиялар берди.
Нигора Раҳмонова, ЎзА