Қазақ
Chinese
Turkish
Tajik
Kyrgyz
Turkmen
Japanese
Arabic
English
French
Spanish
Русский
German
Ўзбек
Oʻzbek
Қазақ
Вазир ўринбосарларининг самарадорлик кўрсаткичлари ҳолати муҳокама қилинди
16:37 / 2025-12-19

Парламент қуйи палатасининг Бюджет ва иқтисодий масалалар қўмитаси йиғилишида Иқтисодиёт ва молия ҳамда Инвестициялар, саноат ва савдо вазирлари ўринбосарларининг республика ижро этувчи ҳокимият органлари ва хўжалик бирлашмалари раҳбарлари ҳамда ўринбосарларининг самарадорлик кўрсаткичлари (KPI) бажарилиши юзасидан ҳисоботлари эшитилди.

Иқтисодиёт ва молия вазири ўринбосарларининг самарадорлик кўрсаткичлари бажарилиши ҳолатига кўра, 2025 йил 61 та энг муҳим кўрсаткич (KPI) ижросининг умумий натижадорлиги 99,9 фоизга етган. Учинчи чоракда вазирлик деярли тўлиқ ҳажмда самарадорликка эришган. Хусусан, ялпи ички маҳсулот ўсиш суръатини таъминлаш бўйича белгиланган режа кўрсаткичи 5,9 фоиз бўлса, ижроси 7,6 фоизга, саноат маҳсулотлари ишлаб чиқариш ҳажмининг 5,8 фоиз режага ўсишини таъминлаш бўйича кўрсаткич ижроси 6,8 фоизга етган.

“Очиқ бюджет” ахборот портали орқали жамоатчилик фикри асосидаги лойиҳалар учун маблағ ажратиш бўйича режа кўрсаткичи 6,3 трлн. сўмни ташкил этиб, ижроси 6,4 трлн. сўмга таъминланган. Давлат ва мақсадли жамғармалар бюджети тақчиллигини 2025 йил йиллик ЯИМ прогнозига нисбати бўйича белгиланган режа кўрсаткичи 1,9 фоиз бўлса, ижроси 1,8 фоизга бажарилган.

Йиғилишда Инвестициялар, саноат ва савдо вазири ўринбосарларининг самарадорлик кўрсаткичлари бажарилиши ҳолати ҳам атрофлича муҳокама қилинди. Қайд этилганидек, шу йилнинг 9 ойида 30,5 млрд. долларлик хорижий инвестицияларни ўзлаштириш режалаштирилган бўлиб, амалда 35,7 млрд. доллар инвестициялар ўзлаштирилган. Шунингдек, қиймати 3,8 млрд. долларлик 92 та йирик ва аҳамиятли лойиҳа ишга туширилиб, 11,2 мингта иш ўрни яратилган.

Янги турдаги маҳсулотларни ўзлаштириш бўйича 1 минг 814 та лойиҳа доирасида 78 трлн. сўмлик маҳсулотлар ишлаб чиқарилиб, белгиланган режа кўрсаткичи 128 фоизга бажарилган. Натижада импорт ўрнини босиш самарадорлиги 6,3 млрд. долларни ташкил этиб, 1  минг 85 миллион долларлик маҳсулотлар экспортга йўналтирилган. Лойиҳалар доирасида 9 минг 864 та янги иш ўринлари яратилгани ижобий баҳоланди.

Муҳокамаларда самарадорлик кўрсаткичларининг тўлиқ ва ўз вақтида бажарилиши бўйича бир қатор таклиф-тавсиялар берилди. Хусусан, йиллик инфляция даражасининг 8 фоиздан ошмаслигини таъминлаш чораларини кўриш, Давлат дастури доирасида белгиланган мақсадли кўрсаткичларни йил якунига қадар 15 фоизга етказиш лозимлиги таъкидланди.

Муҳтарама Комилова, ЎзА