English
Chinese
Turkish
Tajik
Kyrgyz
Turkmen
Japanese
Arabic
English
French
Spanish
Русский
German
Ўзбек
Oʻzbek
Қазақ
Вазир ўринбосарининг Навоий вилоятига ташрифи давомида қатор камчиликлар аниқланди
18:56 / 2021-04-30

Маҳалла обод бўлса, юрт обод бўлади. Бинобарин, одамларнинг ҳаётга ва эртанги кунга бўлган ишончи, аввало, ўз уйи ва маҳалласида кечаётган ўзгаришлардан кейин янада ортиши бежиз эмас.

Шу мақсадда Давлатимиз раҳбари ташаббуси билан қишлоқлар ва маҳаллаларни ободонлаштириш, аҳоли мурожаатларини «маҳаллабай», «хонадонбай» ҳал этиш бўйича йўлга қўйилган ўзига хос тизимни барча ҳудудларда самарали ташкил этиш мақсадида жойларда барча даражадаги раҳбарлар томонидан ўрганиш ишлари олиб борилмоқда.

Маҳалла ва оилани қўллаб-қувватлаш вазири ўринбосари Ботир Парпиевнинг Навоий вилоятида бўлиб, бу борада кўплаб камчиликлар аниқланди ва уларни тез фурсатда бартараф этиш чоралари кўрилди.

Ишчи гуруҳ томонидан Конимех тумани «Учтепа» ва «Боғишамол» маҳалла фуқаролар йиғинида олиб борилган зарур чора-тадбирлар натижасида ҳудуддаги 20 та хонадоннинг ташқи қиёфаси бутунлай ўзгартирилди. 8 километрлик ички йўлларга тош ётқизилди, эски симёғочлар ўрнига 10 та бетон устун ўрнатилди. Шунингдек, маҳаллалардаги кўплаб эҳтиёжманд оилаларга моддий ёрдам кўрсатилди.

Ташриф давомида Нурота тумани масъуллари томонидан «Қизилча» ва «Темирқовуқ» маҳалла фуқаролар йиғини ҳудудида олиб борилган ободонлаштириш ва бошқа ташкилий ишлар танқидий ўрганиб чиқилди. Натижада «Қизилча» маҳалласининг 5 та кўчасидаги 1,9 км ва «Темирқовуқ» маҳалласининг 5 та кўчасидаги 1,8 км узунликдаги йўлларни асфальтлаш ишлари якунига етказилмаганлиги аниқланди. Шунингдек, маҳаллаларда 17.6 км узунликдаги электр тармоқларини қуриш, реконструкция ва модернизация қилиш белгиланган бўлсада, бугунги кунга қадар ушбу режанинг 5.9 километрлик қисми бажарилган холос. Белгиланган 6 трансформаторнинг фақат 3 таси янгиларига алмаштирилган.

Айниқса, ижтимоий объектлар ҳамда маҳалла фуқаролар йиғинлари маъмурий биноларини қуриш ва таъмирлаш ишлари ҳам мутасаддилар эътиборидан четда қолмоқда.

Мисол сифатида «Темирқовуқ» маҳалла фуқаролар йиғини ва «Янгиғазғон» овул фуқаролар йиғинларининг хизмат биноларини мукаммал таъмирлаш, шунингдек, ҳудуддаги 4 та замонавий модулдаги чиқиндихоналар қуриш мақсадида ҳозирга қадар тегишли маблағлар ажратилмаган. Натижа эса маълум — таъмирлаш ва қурилиш ишлари кечикмоқда.

Шу билан бирга «Қизилча» ҳамда «Темирқовуқ» маҳаллаларини чиқиндилардан тозалаш, дарахтларни буташ, шакл бериш, оқлаш, томорқа ерларига ишлов бериш борасида ҳам қатор камчиликларга йўл қўйилган.

«Темирқовуқ» маҳалла фуқаролар йиғинида аҳолини ижтимоий ҳимоя қилиш борасидаги ишлар таҳлилига кўра, ҳудуддаги «Темир дафтар»га киритилган 8 та оила, «Аёллар дафтари»га киритилган 149 нафар хотин-қизлар, «Ёшлар дафтари»га киритилган 156 нафар ёшларнинг мавжуд муаммоларини бартараф этиш ҳамда бандлигини таъминлаш борасида зарур чоралар кўрилмаганлиги аниқланди.

Тегишли дастурда белгиланган бўлсада, тумандаги «Орасой» ва «Каттасой» маҳалла фуқаролар йиғинларида ҳам маҳалла биноларини қуриш ишлари бугунги кунга қадар бошланмаган.

Вазир ўринбосари Б.Парпиев томонидан ўрганишлар асосида аниқланган мазкур камчиликларни тез фурсатда бартараф этиш борасида ҳар бир соҳа раҳбарларига аниқ вазифалар белгилаб берди. Шунингдек, ҳудуддаги эҳтиёжманд ва ишсиз фуқароларнинг мавжуд муаммоларини ҳал этиш мақсадида тегишли топшириқлар берилди.

Ишчи гуруҳ аъзолари томонидан Кармана тумани «Боғишамол» маҳалла фуқаролар йиғинида амалга оширилаётган ишлар ҳам атрофлича ўрганиб чиқилди. Таҳлил натижаларига кўра, «Обод маҳалла», «Обод қишлоқ» дастурлари доирасида ҳудудда бажарилиши лозим бўлган ишлар юзасидан соҳа раҳбарларига амалий семинар тарзида зарур тушунтириш ва кўрсатмалар берилди.

Шунингдек, маҳалладаги мавжуд 2945 та хонадоннинг 1945 тасида ободонлаштириш ишларини олиб бориш, аҳолининг томорқа ерларидан унумли фойдаланишни ташкил этиш бўйича тегишли чоралар белгиланди.