English
Chinese
Turkish
Tajik
Kyrgyz
Turkmen
Japanese
Arabic
English
French
Spanish
Русский
German
Ўзбек
Oʻzbek
Қазақ
Вазир ўринбосари томонидан дастурлар доирасида олиб борилаётган ишлар ўрганилмоқда
20:45 / 2021-06-05

Мамлакатимизнинг барча ҳудудларида бўлгани каби айни вақтда Сурхондарё вилоятининг барча шаҳар ва туманларида ҳам ободонлаштириш ва кўкаламзорлаштириш ишлари жадал суратларда олиб борилмоқда.

Куни кеча Маҳалла ва оилани қўллаб-қувватлаш вазири ўринбосари Ботир Парпиев бошчилигида вилоят ҳокимлиги биносида туман ва шаҳар ҳокимлари ва маҳалла ва оилани қўллаб-қувватлаш бўлими бошлиқлари иштирокида ўтказилган йиғилишда ҳудудда кечаётган мазкур масалалар атрофлича муҳокама этилди.

Таъкидланганидек, Ўзбекистон Республикаси Президентининг 2021 йил 2 апрелдаги «Обод қишлоқ» ва «Обод маҳалла» дастурларини амалга ошириш бўйича қўшимча чора-тадбирлар тўғрисида» ПҚ-5048-сон қарори асосида Сурхондарё вилоятида 483 та қишлоқ ва маҳаллада умумий қиймати 1 трлн. 600 млрд. 194 млн. сўмлик қурилиш, таъмирлаш ва ободонлаштириш ишлари амалга оширилиши белгиланган. Хусусан, вилоятдаги қатор маҳалла ва қишлоқ ҳудудидаги катта ва ички кўчалар таъмирланиши ҳамда ижтимоий объектлар ва маҳалла бинолари қурилиши кўзда тутилган.

Вазир ўринбосари Б.Парпиев ушбу масалаларга атрофлича тўхталиб ўтар экан, белгиланган вазифаларни пухта ва сифатли амалга ошириш ҳамда ўз вақтида фойдаланишга топшириш мақсадида барча даражадаги раҳбарлардан катта масъулият ва ташаббус талаб этилишини таъкидлаб ўтди.

Йиғилишда келтириб ўтилган масалалар юзасидан ҳудуд раҳбарларига тегишли топшириқ ва вазифалар белгилаб берилди.

Вазир ўринбосари Б. Парпиев шундан сўнг белгиланган дастурлар асосида олиб борилаётган қурилиш ва ободонлаштириш ишлари билан яқиндан танишиш мақсадида вилоятнинг Бойсун туманидаги «Тузбозор» маҳалла фуқаролар йиғинига ташриф буюрди.

Ишчи гуруҳ аъзоларининг ўрганишлари асосида аниқланган муаммоларни тез фурсатда бартараф этиш бўйича зарур чоралар олиб борилди.

Жумладан, фуқаролар билан ўтказилган учрашувлар давомида билдирилган таклифлар асосида тумандаги Меҳридарё, Истиқлол кўчалари таъмирланди ҳамда асфальт қилинди. Шунингдек, 24 та эски симёғочлар янги бетон устунларга алмаштирилди.

Аҳолини табиий газ ва тоза ичимлик суви билан узлуксиз таъминлаш мақсадида туманнинг Алишер Навоий кўчасидаги мавжуд эски газ қувурлари қайта таъмирланди. Беруний ва Алишер Навоий кўчаларидаги яроқсиз ҳолга келиб қолган сув қувурларини алмаштириш бўйича ишлар бошлаб юборилди.

Ишчи гуруҳнинг ўрганиш ишлари Термиз шаҳридаги «Шифокорлар», «Гулистон», Ангор туманидаги «Маданият» маҳаллаларида ҳам жадал олиб борилди. Хусусан, ушбу ҳудудларда «маҳаллабай», «хонадонбай» тарзда аҳоли турмуш тарзини ошириш бўйича амалга оширилаётган ишлар кўздан кечирилди.

Ўрганишлар жараёнида аҳолининг бандлигини таъминлаш, тадбиркорликни ривожлантириш, томорқа маданиятини ошириш бўйича фуқаролар йиғинлари ходимларига тегишли кўрсатмалар берилди.

Шунингдек, Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамасининг 2021 йил 28 апрелдаги «Моддий ёрдам ва кўмакка муҳтож оилаларни, хотин-қизлар ва ёшларни ижтимоий қўллаб-қувватлаш бўйича қўшимча чора-тадбирлар тўғрисида»ги 250-сонли қарори асосида эҳтиёжманд аҳоли вакилларини «Темир дафтар», «Ёшлар дафтари», «Аёллар дафтари»га киритиш ва белгиланган тартиб асосида уларни рўйхатдан чиқариш бўйича тушунтиришлар олиб борилди.

Ташриф давомида ҳудудларнинг йўл-транспорт инфратузилмаси, муҳандислик-коммуникация тармоқлари, ижтимоий соҳа объектларини ривожлантириш, шунингдек, маҳаллалардаги тунги чироқларни янгилаш, таълим муассасаларига олиб борувчи ички йўлларни таъмирлаш, аҳоли хонадонларининг ташқи деворларини тартибга келтириш бўйича туман масъулларига зарур топшириқлар берилди.

Абдулазиз РУСТАМОВ