Ўзбек
Chinese
Turkish
Tajik
Kyrgyz
Turkmen
Japanese
Arabic
English
French
Spanish
Русский
German
Ўзбек
Oʻzbek
Қазақ
Вазир ўринбосари ташаббуси билан янги кўприк қурилмоқда
11:59 / 2021-09-23

Маҳалла ва оилани қўллаб-қувватлаш вазири ўринбосари Ботир Парпиев Сурхондарё вилояти Сариосиё туманидаги Галабутта ва Маржона маҳаллаларида бўлиб, “Обод қишлоқ” ва “Обод маҳалла” дастурлари доирасида ҳудудда амалга оширилаётган ишлар билан яқиндан танишди.

Бу ҳақда  Ўзбекистон Республикаси Маҳалла ва оилани қўллаб-қувватлаш вазирлиги матбуот хизмати маълум қилди.

Таъкидлаш лозимки, ўтган вақт давомида ушбу маҳаллаларда қатор амалий ишлар олиб борилди. Жумладан, аҳолини тоза ичимлик суви билан таъминлаш мақсадида 28,5 км сув қувурлари ётқизилди, 3 та сув иншооти қурилди. Маҳаллалардаги 188 та якка тартибдаги уй-жойларнинг ташқи кўриниши тартибга келтирилди.

Шунингдек, маҳаллаларнинг асосий ва ички кўчаларига 21,3 км. асфальт бетон ва 40,2 км қум-шағал аралашмаси ётқизилди, 15,4 км.лик электр ҳамда 2,9 км.лик алоқа тармоқлари ўтказилиб, 787 млн. сўмлик 16 та янги трансформатор ўрнатилди ва реконструкция қилинди. Айни вақтда туризм инфратузилмасини ривожлантириш доирасида 7 та объектда қурилиш- таъмирлаш ишлари амалга оширилмоқда.

Дастурлар доирасидаги “Галабутта” ва “Маржона” маҳалла фуқаролар йиғинлари биноларида олиб борилаётган қурилиш ва таъмирлаш ишлари ҳам қизғин давом этмоқда. Бунга қўшимча равишда маҳалла биноларига олиб борувчи 2 км.лик пиёдалар йўлакчаси таъмирланиб, 51 та тунги ёритиш чироғи ўрнатилди.

Вазир ўринбосари Б.Парпиев ташаббуси билан тумандаги Дарагистон маҳалласидаги Обзаранг ва Лойлик кўчаларини боғловчи янги кўприк қурилиши айни вақтда жадал суратларда олиб борилмоқда. Кўприкнинг узунлиги Обзаран” кўчасида 28 метр, эни 5,60 метрни, Лойли кўчасида узунлиги 14 метр, эни 2,80 метрни ташкил этади. Б.Парпиев қурилаётган мазкур янги кўприкни бунёд этишда аниқланган камчиликларни тез фурсатларда бартараф этиш бўйича масъулларга зарур топшириқлар берди.

Шунингдек, вазир ўринбосари маҳаллаларда 50 дан ортиқ аҳоли вакили билан мулоқот қилиб, уларнинг муаммолари, маҳаллада инфратузилмани яхшилаш борасидаги таклифлари асосида чора-тадбирлар белгилаб олинди.

Муҳайё  Тошқораева, ЎзА