Маҳалла ва оилани қўллаб-қувватлаш вазири ўринбосари Ботир Парпиев мавжуд муаммоларга аниқ ва манзилли ечим топилиши ҳақида аҳолига сўз бермоқда.
ЎзА КУЗАТУВИ: Ўзбекистон амалдорлари қандай ишлар билан шуғулланмоқда?
Маълумки, бундан икки йил олдин Президентимиз томонидан ўтказилган видеоселектор йиғилишида маҳалла вазирлиги раҳбарияти фаолияти жиддий танқид қилиниб, қониқарсиз деб топилган эди.
Ишда йўл қўйган камчиликлари учун ҳайфсан олган амалдорлар орасида бўлган Ботир Парпиев ҳукумат томонидан тизим раҳбарларига берилган жазо адолатли эканини таъкидлаган.
“ЎзА кузатуви” лойиҳаси доирасида Маҳалла ва оилани қўллаб-қувватлаш вазирлиги масъулларининг фаолиятига назар ташладик.
Хўш, Маҳалла ва оилани қўллаб-қувватлаш вазири ўринбосари Ботир Парпиев бугун қаерда? Тизимдаги қайси муаммоларга ечим топмоқда?
Ўтган ҳафта давомида Б.Парпиев Сурхондарё вилоятига хизмат сафарида бўлди.
9 февралда вазир ўринбосари Ботир Парпиев Сурхондарё вилояти ҳокими Тўра Боболов билан биргаликда ҳудудий ташкилотлар раҳбарлари иштирокида вилоятдаги ижтимоий аҳволи оғир ҳудудларидаги аҳолининг ижтимоий-иқтисодий муаммоларини бартараф этиш бўйича йиғилиш ўтказган. Йиғилишда аҳолининг ижтимоий-иқтисодий муаммоларини бартараф этиш юзасидан аниқ вазифалар белгилаб берилган.
10 февраль. Янги маҳалла биносининг очилиш маросими. Вилоятнинг Қумқўрғон тумани марказидан 35 км узоқликда жойлашган "Хўжамулки" маҳалласида бугун 6 минга яқин аҳоли истиқомат қилади. Шу вақтга қадар эса маҳалла идораси ўз биносига эга бўлмаган. Муқим бир манзилга эга бўлмаган маҳалла идорасининг йўқлиги фуқаролар учун ҳам ноқулайликларга сабаб бўлмоқда эди. Ботир Парпиев ташаббуси билан бугун маҳаллий бюджет маблағлари ҳисобидан янги, замонавий, зарурий шароитларга эга бўлган маҳалла биноси қад кўтарди. Мазкур маҳалла фуқаролар йиғини биносида эндиликда беш нафар ходимнинг фаолият юритиши учун зарурий шарт шароит яратиб берилди.
Вазир ўринбосари Ботир Парпиев вилоятда “маҳаллабай” ишлар ҳолати билан танишиш мақсадида Термиз шаҳридаги “Паттакесар”, “Боғишамол”, “Чегара”, “Мангузар”, “Темир йўлчи” маҳаллаларида мавжуд муаммолар ўрганиб чиқди ва ҳудуддаги “Темир йўлчи” маҳалласида 1 км, “Мангузар” маҳалласида 1 км ва “Паттакесар” маҳалласида 0,4 км ички йўлларга тош шағал ётқизишга кўмаклашди.
Ҳафта давомида мутасаддилар иштирокида Сариосиё туманидаги 61 та маҳалла раислари ва ҳоким ёрдамчилари учун амалий семинар ўтказилди. “Яшил макон” лойиҳаси доирасида “Ёшлар боғи” ҳудудида 1 минг 335 туп манзарали дарахтлар экилди.
Б.Парпиев “Тортули” маҳалласи “Гулистон” кўчасида жойлашган кўп қаватли уйлардан яшовчи фуқаролар билан учрашди ва уларнинг дардларига қулоқ тутди. Фуқаролар республикадан келган мутасаддига ўз муаммолари юзасидан мурожаат билан чиқди. Жумладан, кўп қаватли уй олдида болалар майдончаси, новвойхона қуриш, фуқаро Ф.Мирзаевани ишга жойлаштириш, В.Тўраевага гилам тўқиш ускунаси олиб бериш, С.Абдураҳмоновга балиқчилик ҳавзаларини кенгайтириш масалаларида чора-тадбирлар белгиланди.
11 февраль куни ҳам амалдор иштирокида оғир ҳудудларга кирувчи маҳаллалар фаолияти ўрганилди.
Сурхондарё вилояти Денов туманида бўлди ва бир қатор маҳаллаларда олиб борилаётган қурилиш ва таъмирлаш ишлари билан ҳам танишди.
Вазир ўринбосари Термиз туманидаги “Намуна” ва “Янгиобод” маҳалла фуқаролар йиғинларида бўлиб, амалга оширилаётган ободонлаштириш, томорқадан фойдаланиш, кўчат экиш, қурилиш, таъмирлаш, ички кўчаларга шағал ётқизиш ишлари ҳолатини ўрганиб, тегишли таклиф ва тавсиялар берди. Шунингдек, фуқаролар уй-жойларидаги эскирган авария ҳолатидаги ташқи тўсин деворларни бошқатдан қуриш, таъмир талабларини сувоқлаш ва оҳаклаш, эски сим ёғочларни бетон таянч устунларга алмаштириш, маҳалла ҳудудидан ўтган мелиорация тизими зовурларини тозалаш масалаларида масъулларга топшириқлар берилиб, ижроси назоратга олинишини таъкидлади.
12 февраль куни мутасаддилар томонидан Термиз шаҳридаги “Чегара” маҳалласидаги қатор масалаларига эътибор қаратилди. Маълумотларга кўра, мазкур маҳалла ҳам муаммолардан ҳоли эмас.
Инсон қадрини улуғлаш ҳамда одамларнинг ўз ҳаётидан мамнун бўлиб яшаши учун зарур шарт-шароитларни яратиш, бунинг учун жойлардаги узоқ вақтдан бери ҳал этилмай келинаётган муаммоларга манзилли ёндашиш бугун барча соҳадаги раҳбарларнинг асосий дастуруламалига айланиб борар экан, вазир ўринбосари Б.Парпиев ҳам жойлардаги мавжуд муаммоларга аниқ ва манзилли ечим топилиши ҳақида аҳолига сўз берди.
Муҳайё Тошқораева, ЎзА