English
Chinese
Turkish
Tajik
Kyrgyz
Turkmen
Japanese
Arabic
English
French
Spanish
Русский
German
Ўзбек
Oʻzbek
Қазақ
Вазир: “Мактаблар, ижтимоий соҳа объектларини интернетга улаш бўйича юқори ўриндамиз”
14:15 / 2024-03-14

Бугунги ахборот асрида таълим-тарбия муассасаларини интернетга улаш, компьютер жиҳозлари билан таъминлаш долзарб аҳамиятга эга. Хўш, бу борада қандай чоралар кўрилмоқда?

Аввал хабар берилганидек, парламент қуйи палатасида бўлиб ўтган “Ҳукумат соати”да Рақамли технологиялар вазири Шерзод Шерматов депутатларнинг саволларига жавоб берди. Жумладан, депутат Ботир Мардаев мактабларда компьютерларнинг интернетга уланганлик даражаси паст эканлигини айтиб, бу борада вазирлик томонидан қандай чоралар кўрилаётгани билан қизиқди:  

– Яқинда Макроиқтисодий ва ҳудудий тадқиқотлар институтининг эълон қилган таҳлилларида мактабларнинг 98 фоизида компьютер синфлари мавжудлиги, мактаблардаги ҳамма ўқувчига тўғри келадиган компьютер сони 0,03 тани, қишлоқ жойларда эса 0,04 тани ташкил қилиши айтилган. Бундан ташқари, компьютерларнинг 71,6 фоизи интернетга уланган, қишлоқ жойларда эса янада паст – 69,4 фоизи интернетга уланган. Бу кўрсаткич айрим МДҲ давлатлари билан солиштирилганда паст даражада. Бу борадаги кўрсаткичларни янада яхшилаш бўйича вазирлик томонидан қандай чоралар кўрилмоқда? – деди депутат.  

Вазир қуйидагича жавоб берди:  

– Ўзбекистонда 2021 йилда қишлоқ мактаблари интернетга уланган. Унинг қандай ишлаши эса тезлик масаласи билан боғлиқ бўлиб, бу қайси тариф эканлигига ҳам боғлиқ. Мактаблар интернетга улангани билан мактабда компьютер бор-йўқлигида масала. Бунинг учун бюджетдан пул ажратиш масаласи яқингача муаммо бўлиб келган. 2018-2019 йилларда ҳам мактабларга компьютер учун маблағ ажратилмас эди, маҳаллий бюджетдан ажратилар ёки грант ютиб олиш орқали компьютерлар олинарди. Ҳозирда ҳар йили ушбу мақсадлар учун маблағлар ажратиляпти, аммо нисбатан кам.  

Умумтаълим мактабларини, умуман, ижтимоий соҳа объектларини интернетга улаш бўйича юқори ўриндамиз, МДҲ давлатларидан ортда қолиб кетаётганимиз йўқ, – деди вазир.  

 

Муҳтарама Комилова, ЎзА