ФОТОРЕПОРТАЖ
Мактабгача ва мактаб таълими вазирлиги ташаббуси билан футбол бўйича қизлар ўртасида ташкил этилган “Вазир кубоги” мусобақасининг Сурхондарё вилояти босқичи бўлиб ўтди.
Тадбирда вилоят мактабгача ва мактаб таълими ҳамда спорт соҳаси мутасаддилари иштирок этиб, ёш футболчи қизларга муваффақият ва янги ютуқлар тилади. Таъкидланганидек, мазкур мусобақа иқтидорли ёшларни аниқлаш, спорт захирасини шакллантириш ва қизлар ўртасида футболни оммалаштиришда муҳим аҳамият касб этмоқда.
Дастлабки саралаш босқичларида вилоят бўйлаб қарийб 10 минг нафар футболчи қиз қамраб олингани қизлар спортига қизиқиш тобора ортиб бораётганидан далолат беради. Бу эса жойларда спорт инфратузилмаси ривожланаётгани, мураббийлар фаолияти изчил йўлга қўйилгани ҳамда ота-оналарнинг қизлар спортига муносабати ижобий томонга ўзгараётганини кўрсатади.
Шеробод туман марказий стадионида бўлиб ўтган вилоят босқичи баҳслари юқори савияда, тезкорлик ва техник маҳорати билан ажралиб турди. Жамоалар майдонда ғалаба учун бор куч-ғайратини намоён этиб, ҳақиқий спорт руҳини кўрсатди.
[gallery-27764]
Якуний натижаларга кўра, Қумқўрғон туманидаги 42-умумтаълим мактаби жамоаси ғолибликни қўлга киритиб, жорий йил 24–30 март кунлари Сурхондарё вилоятида ўтказиладиган республика босқичида вилоят шарафини ҳимоя қилиш ҳуқуқини қўлга киритди. Бойсун туманидаги 30-мактаб жамоаси иккинчи, Термиз шаҳридаги 7-мактаб жамоаси эса учинчи ўринни эгаллади.
Тадбир якунида ғолиб ва совриндор жамоалар диплом, кубок ва эсдалик совғалари билан тақдирланди.
— Бугунги мусобақа нафақат спорт соҳасида янги имкониятларни очади, балки қизлар ўртасида соғлом турмуш тарзини қарор топтириш ва жамоавийликни шакллантиришда ҳам муҳим аҳамиятга эга, - дейди вилоят мактабгача ва мактаб таълими бошқармаси бошлиғи ўринбосари Бекзод Тошпўлатов. — Ҳар бир иштирокчи майдонда ўз маҳоратини намоён этиб, ирода ва матонатини синовдан ўтказди.
Жонибек ҚЎЗИМУРОДОВ (сурат), ЎзА