Мактабгача ва мактаб таълими вазирлиги ташаббуси билан футбол бўйича қизлар ўртасида ташкил этилаётган “Вазир кубоги” мусобақасининг Бухоро вилоят босқичи юксак савияда, юқори ташкилий даражада ўтказилди.
Мусобақа нафақат спорт беллашуви, балки ёшлар онгида соғлом ҳаёт тарзини қарор топтириш, жамоавийлик, интизом, ирода ва мақсадга интилувчанлик каби муҳим фазилатларни шакллантиришда ҳам муҳим аҳамият касб этди.

Тадбирда вилоят мактабгача ва мактаб таълими бошқармаси ҳамда спорт бошқармаси масъуллари иштирок этиб, ёш футболчи қизларга муваффақият, зафарлар ва катта спортда улкан ютуқлар тиладилар. Улар ўз чиқишларида бундай мусобақалар иқтидорли ёшларни аниқлаш, спорт захирасини шакллантириш ва қизлар ўртасида футболни оммалаштиришда муҳим платформа бўлиб хизмат қилаётганини алоҳида таъкидладилар.
Дастлабки саралаш босқичларида вилоят бўйлаб 9000 нафарга яқин футболчи қизларнинг қамраб олингани қизлар ўртасида футбол спортига бўлган қизиқиш тобора ортиб бораётганини яққол намоён этди. Бу эса жойларда спорт инфратузилмаси ривожланиб бораётгани, мураббийлар фаолияти самарали йўлга қўйилгани ва ота-оналарнинг ҳам қизлар спортига бўлган муносабати ижобий томонга ўзгараётганидан далолат беради.

Саралаш ўйинлари якунида 208 нафар энг иқтидорли ўқувчи вилоят босқичига йўлланма олди. Вилоят босқичи ўйинлари юқори спорт маҳорати, тезкорлик, техник тайёргарлик ва муросасиз курашларга бой тарзда ўтди. Майдондаги ҳар бир баҳсда жамоалар ғалаба учун барча куч-ғайратини ишга солиб, ҳақиқий спорт руҳини намоён этдилар.
Якуний натижаларга кўра, Пешку туманидаги 44-умумтаълим мактаби жамоаси мусобақада ғолибликни қўлга киритиб, жорий йилнинг 24–30 март кунлари Сурхондарё вилоятида ўтказиладиган республика босқичида Бухоро вилояти шарафини ҳимоя қилиш ҳуқуқига эга бўлди. Жондор тумани 45-мактаб жамоаси фахрли 2-ўринни, Қоракўл тумани 36-мактаб жамоаси эса 3-ўринни эгаллади.

Тадбир якунида ғолиб ва совриндор жамоалар диплом, кубок ҳамда эсдалик совғалари билан тақдирланиб, уларнинг меҳнати ва саъй-ҳаракатлари юксак баҳоланди.

–Бугунги мусобақа нафақат спорт соҳасидаги янги имкониятлар, балки қизлар ўртасида соғлом турмуш тарзи ва жамоавийликни шакллантиришда муҳим аҳамиятга эга, –дейди вилоят мактабгача ва мактаб таълими бошқармаси бошлиғи ўринбосари Фирдавс Ҳидоятов. –Ҳар бир иштирокчи майдонда ўз маҳоратини намоён этишга ҳаракат қилди ва бу нафақат уларнинг спорт маҳоратини, балки ирода ва сабр-бардошини ҳам синади. Биз барча иштирокчиларнинг таҳсил ва спортдаги фаолиятини қўллаб-қувватлаш, уларни келажакда юқори спорт даражасига эришишга илҳомлантириш учун барча имкониятларни яратишга ҳаракат қиламиз. Умид қиламизки, бу каби мусобақалар қизлар спортини янада ривожлантириш ва спорт соҳасида қизлар иштироки ўсишида муҳим қадам бўлиб хизмат қилади.
Зариф Комилов, ЎзА мухбири