Chinese
Chinese
Turkish
Tajik
Kyrgyz
Turkmen
Japanese
Arabic
English
French
Spanish
Русский
German
Ўзбек
Oʻzbek
Қазақ
Вазир кубоги ёш иқтидорларни кашф қилмоқда
13:00 / 2026-02-19

Юртимизда оммавий спорт турларини ривожлантириш, ёшлар, хусусан, қизлар ўртасида соғлом турмуш тарзини оммалаштириш давлат сиёсати даражасига кўтарилган. Шу мақсадда мактабгача ва мактаб таълими вазири ташаббуси билан футбол бўйича “Вазир кубоги” мусобақалари ташкил этилди.

Тошкент вилоятида мазкур мусобақанинг вилоят босқичи юқори савияда ташкил этилди ва қизғин таассуротларга бой бўлди. Унда туман-шаҳарлардаги 7–11-синф ўқувчи-қизларидан иборат 287 та мактаб жамоаси таркибида жами 4 минг 494 нафар ўқувчи иштирок этди. Бу эса ҳудудларда қизлар футболига бўлган қизиқиш тобора ортиб бораётганидан далолат беради.

Жумладан, учинчи ўрин учун кечган учрашувда Олмалиқ шаҳар жамоаси Оҳангарон шаҳар жамоаси устидан 1:0 ҳисобида ғалаба қозонди. Финал учрашуви эса ҳақиқий спорт байрамига айланди. Юқори Чирчиқ ва Қибрай туманлари жамоалари ўртасида муросасиз ва кескин курашларга бой ўтган баҳсда асосий вақт дуранг билан якунланди. Пенальтилар сериясида Юқори Чирчиқ тумани жамоаси рақибларини 4:3 ҳисобида мағлуб этиб, мусобақа ғолиблигини қўлга киритди. Улар энди республика босқичида Тошкент вилояти шарафини ҳимоя қилади.

– “Вазир кубоги” нафақат мусобақа, балки ёш авлодни жисмонан соғлом, маънан баркамол ва ватанпарварлик руҳида тарбиялашга хизмат қилувчи муҳим лойиҳа сифатида аҳамият касб этмоқда. Барча жамоалар мусобақа давомида юксак спорт маҳорати, интизом, жамоавий ҳамжиҳатлик ва ғалабага бўлган қатъий интилишни намоён этди. Улар ўртасида соғлом рақобат муҳитининг шаклланаётгани эса юртимиз футболининг янги саҳифалари яратилишига ишонч уйғотади. Ишонаманки, улар келгусида яхши натижаларга эришади, – дейди Тошкент вилоят мактабгача ва мактаб таълими бошқармаси бошлиғи Шукур Бурхонов.  

А.Мусаев,ЎзА