Термизда Камбағалликни қисқартириш ва бандлик вазирлигининг Сурхондарё вилоят бош бошқармаси “Спорт – соғлик гарови” шиори остида Вазир кубоги учун спортнинг мини футбол тури бўйича ҳудудий босқич мусобақасини ўтказди.
“Ёшлар ва бизнесни қўллаб-қувватлаш йили” муносабати билан ташкил этилган мусобақада бош бошқарманинг Термиз шаҳри ва туман бўлимлари, мономарказлар ва касб-ҳунар мактабларидаги 30 ёшгача бўлган ёш ходимлардан иборат 13 та жамоа ўзаро беллашди.

Қизиқарли лаҳзаларга бой бўлган мусобақани вилоят спорт бошқармасининг тажрибали ҳакамлари баҳолаб борди.
Якунда бош бошқарманинг Олтинсой тумани бўлими жамоаси биринчи ўринни қўлга киритди. Иккинчи ўрин Ангор тумани, учинчи ўрин Термиз тумани жамоаларига насиб этди.

–Беллашувга келаётганимизда мутлоқ ғолиб бўлишни ўйламаган эдик, –дейди Олтинсой тумани камбағалликни қисқартириш ва бандлик бӯлими масъул ходими Достонбек Ҳазратқулов. – Шундай бўлса-да, майдонда бир-биримизни тўғри тушуниб, аҳиллик билан ҳаракат қилдик. Ишдан бўш вақтларимизда жамоамиз билан мини футбол ўйнаб туришимиз ҳам қўл келди. Бу бизнинг ғалабага ишончимизни ошириб, ғолиб бўлишимизга куч берди.

Сурхондарё вилоят камбағалликни қисқартириш ва бандлик бош бошқармаси тизимида 175 нафар 30 ёшгача бўлган ходим хизмат қилмоқда. Уларнинг 42 нафари хотин-қиздир. Мазкур мусобақада 110 нафар ёш иштирок этди.

Беллашув якунида ғолиб жамоалар ва энг фаол иштирок этган ходимлар бош бошқарманинг фахрий ёрлиқ ҳамда эсдалик совғалари билан тақдирланди. Улар таркибидан саралаб олинган вилоят терма жамоаси Вазир кубоги мусобақасининг финал босқичида қатнашади.
Холмўмин Маматрайимов,
ЎзА мухбири