Жиззах вилоятида спорт соҳасини тизимли ривожлантириш, инфратузилмани мустаҳкамлаш ва юқори натижаларга эришиш масалалари Спорт вазири Адҳам Икромовнинг ҳудудга хизмат сафари давомида атрофлича муҳокама қилинди.
Ташриф Зомин туманининг Даштобод шаҳарчасидаги таэквондо марказидан бошланди. Бу ерда Face-ID тизими орқали спортчилар давоматини рақамлаштириш амалиёти ҳамда яратилган шарт-шароитлар билан танишилди. Очиқ мулоқотда тайёргарлик жараёнини самарали ташкил этиш ва натижадорликни ошириш бўйича кўрсатмалар берилди.

Вазир Зарбдор туманидаги спорт мактабининг теннис зали ва режалаштирилаётган кураш зали лойиҳасини, шунингдек, Шароф Рашидов туманидаги “Янги Ўзбекистон” массивида жойлашган “Кураш маҳорат мактаби” инфратузилмасини кўздан кечирди.

Хизмат сафари давомида яккакураш спорт турларига ихтисослаштирилган спорт мактаби фаолияти таҳлил қилиниб, бокс мураббийи Лазиз Зокиров билан учрашув ўтказилди. Учрашувда бокс залини таъмирлаш ва янги қиличбозлик зали қуриш масалалари муҳокама қилинди.

Жиззах политехника институтида ўтказилган сайёр қабулда спорт соҳасига оид ўндан ортиқ мурожаат кўриб чиқилди. Аксарияти жойида ҳал этилди, айрим масалалар назоратга олинди. Шунингдек, институтда янги ташкил этилган кураш залидаги шароитлар билан танишилди.

Вазир Олимпия ва паралимпия спорт турларига тайёрлаш марказида бўлиб, ўқувчи-спортчиларнинг 2025 йилдаги натижаларини таҳлил қилди. Марказ инфратузилмаси, ётоқхона ва машғулотлар сифати ўрганилиб, устувор вазифалар белгиланди.

Жиззах футбол академиясида ўтказилган йиғилишда оммавий ва профессионал спортни ривожлантириш, ёшларни саралаш, спорт мактаблари самарадорлиги, коррупцияга қарши курашиш ва спорт тарғиботи масалалари муҳокама қилинди. Йиғилишда Олимпия ва паралимпия марказига янги директор этиб тайинланган Хуршид Абдувалиев жамоага таништирилди.

Сафари доирасида вазирга 2026 йилга мўлжалланган спорт тадбирлари тақвим режаси ҳамда Олимпия шаҳарчасида олимпия ва паралимпия шон-шуҳрати музейи филиалини ташкил этиш бўйича дизайн концепцияси тақдим этилди. Масъулларга маблағлардан самарали фойдаланиш ва юқори натижаларга эришиш бўйича тегишли топшириқлар берилди.
Абдужалол Қаюмов, ЎзА мухбири