Янги иш ўринларини яратиш, аҳолининг бандлигини таъминлаш ва рақамли иқтисодиётни ривожлантириш – бугунги куннинг устувор вазифаларидан ҳисобланади. Айниқса, ёшлар ва ахборот технологиялари соҳасида билимга эга кадрлар учун янги имкониятлар яратиш, юқори даромадли, экспортбоп хизматлар кўламини кенгайтириш муҳим аҳамият касб этмоқда.
Шу нуқтаи назардан, Рақамли технологиялар вазири Шерзод Шерматовнинг IT хизматлар экспорти йўналишида фаолият юритаётган “Audiotele” компаниясининг Фарғона шаҳридаги филиали фаолияти билан яқиндан танишиб, юртимизда рақамли хизматлар секторидаги истиқболлар ҳақида чуқур фикр юритиши катта аҳамиятга эга бўлди.

Ташриф давомида вазир компания фаолияти, айни пайтда амалга оширилаётган ишлар, келгусидаги режалар ҳамда ходимлар учун яратилган иш шароитларини ўрганди.
“Audiotele” компанияси Фарғона шаҳри марказида жойлашган, барча зарур шарт-шароитларга эга замонавий бинода фаолият олиб бормоқда. Ушбу филиал 150 ўринга мўлжалланган бўлиб, ҳозирги кунда бу ерда 120 нафардан ортиқ ёш мутахассислар юқори даромадли иш ўринларида меҳнат қилмоқда. Йил якунига қадар ходимлар сонини 150 нафарга етказиш режалаштирилган.

Ташриф чоғида Шерзод Шерматов компания фаолиятини янада кенгайтириш, янги лойиҳаларни жалб этиш ҳамда юқори даромадли иш ўринларини кўпайтириш бўйича ўзининг таклиф ва тавсияларини берди.
Вазирнинг “Audiotele” компаниясига ташрифи юқори даромадли иш ўринларини кўпайтириш ва рақамли соҳани ривожлантириш йўлида амалий таклифлар билан ёдда қолди. Бу ташриф IT хизматлар экспорти ва ёшлар бандлиги учун янги имкониятлар эшигини очади.
Нигора Раҳмонова, ЎзА