Ёшлар сиёсати ва спорт вазирлигининг навбатдаги ҳайъат йиғилишида мамлакатимизда ёшлар ва спорт соҳаларида амалга оширилаётган ислоҳотлар, ҳар бир йўналиш бўйича қилинаётган ишлар кўриб чиқилди.
Йиғилишда таъкидланганидек, оммавий спортни маҳалладан бошлаб ривожлантириш бўйича яхлит бир тизим яратилди. Йилдан-йилга “Беш ташаббус олимпиадаси” тармоғи ва қамрови кенгайиб бормоқда. Бу орқали йилига 6 миллиондан ортиқ ёшлар қамраб олиниб, улар муносиб рағбатлантирилмоқда.
“Беш ташаббус олимпиадаси” тизими йўлга қўйилганига сал кам 2 йил бўлган ҳолатда ёшлар ва спорт ҳаракати ягона тизимга бирлаштирилди. Лекин бу борадаги айрим ишларда сусткашликлар борлиги ҳам кўзга ташланаётгани сир эмас.
“Беш ташаббус олимпиадаси” мусобақаларни шаффоф ўтказиш учун алоҳида электрон платформа ташкил қилинган. Бунда, ёшлар етакчилари ва спорт масъуллари электрон платформа орқали иштирокчиларни рўйхатга олиш, жамоаларни шакллантириш ва уларнинг натижаларини киритиб бориш белгиланган.
Афсуски, бу йилги мусобақаларнинг биргина иккинчи мавсумида иштирок этиш учун мавжуд 9 мингдан ортиқ маҳалладан 4,6 миллион нафар ёшлар рўйхатдан ўтган.
Бу борада энг паст кўрсаткич, Андижон, Қашқадарё, Бухоро, Фарғона, Тошкент ва Хоразм вилоятлари ҳамда Тошкент шаҳрида қайд этилиб, жамоа шаклланган маҳаллалар улуши 25 фоизга ҳам етмаган.
Танқидий ва таҳлилий тарзда ўтган ҳайъат йиғилишида Ёшлар сиёсати ва спорт вазири А.Икрамов иштирокчилар эътиборини спорт таълимини яхшилаш ҳамда селекция тизимини ривожлантириш бўйича олиб борилаётган ишлар ҳолатига қаратди.
Давлатимиз раҳбари томонидан мазкур йўналишни ривожлантириш, янги босқичга олиб чиқиш борасида қабул қилинган қатор қарор ва кўрсатмалар ижросини таъминлаш борасида мамлакатимизда катта ишлар амалга оширилди. Зарур инфратузилма яратилди.
Шундай бўлсада афсуски, ушбу йўналишда оммавий спортдан бошлаб иқтидорли ёшларни селекция қилиш ва спорт иншоотларидан самарали фойдаланиш бўйича ишлар ҳолатида сусткашлик кузатилди.
Хусусан, ўтган 4 та мавсум оммавий спорт мусобақаларидан атиги 11,6 минг нафар ёшлар спорт мактабларига селекция қилинган, холос. Айниқса, бу борадаги ишлар Андижон, Тошкент шаҳрида ўз ҳолига ташлаб қўйилган.
Бунинг натижасида, республикадаги спорт мактаблари ўқувчилари контингенти сўнгги бир йилда бор-йўғи 8 мингга кўпайиб, 370 минг нафарга етган.
Ваҳоланки, бу борада барча шароитлар яратилган, айни вақтда спорт мактабларида 500 минг нафар ёшларнинг шуғулланиши учун имконият яратиб берилган.
Шунингдек, ҳайъат йиғилишида бошқа бир қатор масалалар кўриб чиқилди.
Т. Рўзиев, ЎзА