Chinese
Chinese
Turkish
Tajik
Kyrgyz
Turkmen
Japanese
Arabic
English
French
Spanish
Русский
German
Ўзбек
Oʻzbek
Қазақ
Вазир Бухорода ўрганишлар олиб борди
16:11 / 2025-08-18

Рақамли технологиялар вазири Шерзод Шерматов Triple R Technologies  компаниясининг Бухоро шаҳрида фаолият юритаётган офисида бўлиб, компаниянинг фаолияти, амалга оширилаётган инновацион лойиҳалари ҳамда келгусидаги режалари билан танишди.

Асосий эътибор RRR Universe онлайн таълим платформасига қаратилди. Ушбу платформа Ўзбекистон ёшлари учун IТ, электрон тижорат ва блоcкчаин каби замонавий касбларни масофадан туриб ўрганиш имконини яратади. 

Учрашувда, рақамли иқтисодиётни ривожлантиришда WEB3 ва блоcкчаин лойиҳаларининг ўрни, янги технологияларни турли соҳаларга интеграция қилиш имкониятлари ҳамда ёшларни IТ соҳасига жалб қилиш масалалари муҳокама қилинди. 

Шунингдек, Шерзод Шерматов вилоятдаги IТ Парк резидент компаниялари билан учрашув ўтказди. Бухоро шаҳридаги “LEADERS GROUP TEAM” вa “WHITE GROUP LOGISTICS” BPO  марказларида бўлди. Суҳбатларда асосий эътибор компанияларнинг экспорт ҳажмини ошириш, янги иш ўринлари яратиш ва фаолиятни янада ривожлантириш масалаларига қаратилди. Учрашувлар давомида компанияларнинг фаолиятини янада кенгайтириш ва вилоятдаги инновацион лойиҳаларни қўллаб-қувватлаш бўйича ўз таклифларини берди.

Учрашувда компания вакиллари ўзларининг янги ташаббуслари, маҳаллий ва халқаро бозорларда рақобатбардош маҳсулотлар ишлаб чиқариш режалари ҳамда рақамли иқтисодиётни ривожлантиришдаги иштироклари ҳақида сўзлади. Шунингдек, вазир ёшларни қўллаб-қувватлаш, уларнинг ғояларини амалга ошириш учун қулай шарт-шароитлар яратиш ва халқаро тажрибадан фойдаланиш муҳимлигини қайд этди.

Шунингдек, Қоракўл туманидаги IТ-кластер доирасида фаолият юритаётган Ачаря университетнинг 2025/2026 ўқув йилларига тайёргарлик жараёнлари, талабалар учун яратилган замонавий шароитлар, ўқув хоналари ва илғор лабораториялар синчковлик билан кўздан кечирилди.

Шу билан бирга университетининг янги биносида олиб борилаётган қурилиш ишлари ҳам ўрганилди. Қурилиш объектида 5400 ўринли замонавий ётоқхона, халқаро стандартларга жавоб берувчи кутубхона, БПО ва КПО марказлари, шунингдек, ўқув хоналари ва лабораторияларнинг қурилиш ишлари кўриб чиқилиб, мутасаддилар томонидан таклиф ва тавсиялар берилди.

Вазир Бухоро вилоятининг маъмурий марказида жойлашган ҳудудга ҳам ташриф буюриб, IТ Парк биноси қурилиши учун махсус ажратилган ер майдонини билан танишди. Тадбир доирасида янги қуриладиган замонавий IТ Парк лойиҳаси бўйича тақдимот ўтказилди ҳамда ҳозирда олиб борилаётган ишлар ҳақида батафсил маълумот берилди.

Лойиҳа минтақада рақамли иқтисодиётни ривожлантириш, ёшлар учун янги иш ўринлари яратиш ва IТ соҳасида халқаро стандартларга мос келадиган муҳит барпо этишга қаратилган. Ш.Шерматов лойиҳанинг муҳим аҳамиятга эга эканлигини таъкидлаб, унинг муваффақиятли амалга оширилиши Бухоро вилоятини нафақат минтақавий, балки халқаро миқёсда ҳам IТ соҳаси учун муҳим аҳамият касб этишини қайд этди. 

Зариф Комилов, ЎзА мухбири.