Бугун Тожикистоннинг Суғд вилояти Спитамен (собиқ Нов) туманида таниқли ўзбек шоири Аширматнинг 110 йиллигига бағишланган хотира кечаси бўлиб ўтди. Кечада ижодкорлар, шоирнинг қариндошлари, мухлислари, ёш китобхонлар қатнашди.
Нафақат Тожикистон балки Ўзбекистонда ҳам танилган шоир, таржимон Аширмат Назаровни хотирлаш учун келган мухлислар, аввало,шоир ёдгорлигини зиёрат қилишди. Аширмат, унинг укаси – шоир Назармат ва бошқа тожикистонлик шоир ва адиблар китоблари кўргазмаси билан танишишди.
Кечада Спитамен тумани раиси муовини Дилрабо Раҳимий, мазкур туман уруш ва меҳнат фахрийлари кенгаши раиси Иномжон Тўраев, таниқли шоира Зулайхобону, шоир номидаги 27-ўрта умумтаълим муассасаси директори Зарина Нозирбобоева ва бошқалар сўзга чиқиб, Аширмат ҳаёти ва ижодий фаолияти, унинг шеъриятидаги ўзига хос қирралар, таржимонлик маҳорати ҳақида сўзлашди. Жумладан, Дилрабо Раҳимий Аширмат ҳақида Тожикистон Халқ шоири, Тожикистон Қаҳрамони Мирзо Турсунзода айтган сўзларни келтирди: «Аширмат тожик ва ўзбек адабиётида ўртасидаги мисоли бир кўприкдир. У тожик классик ва замонавий адабиёти шоирлари асарларини ўзбек тилига маҳорат билан ўгирган».
Таъкидлаш жоизки, Аширмат 21 ёшидаёқ собиқ шўролар давлати Ёзувчилар иттифоқи аъзолигига қабул қилинади.

Унинг «Ватан учун», «Муқаддас бурч», «Шараф», «Чироқлар», «Узум», «Қоратегин дафтари», «Йиллар ва манзиллар», «Тоғлар ва боғлар», «Ўттиз йил қўшиғи» номли китоблари Тожикистон ва Ўзбекистонда чоп этилган.
Аширмат Абулқосим Лоҳутий, Мирзо Турсунзода, Мирсаид Миршакар, Абдусалом Деҳотий, Боқи Раҳимзода каби атоқли тожик шоирлари асарларини ўзбек тилига маҳорат билан ўгирган.
«Душанбедаги уйимизда Тожикистоннинг таниқли шоирлари, ёзувчилари тез-тез меҳмон бўлиб туришарди. Биз Жалол Икромий билан қўшни яшардик. Мирзо Турсунзода билан дадам ўрталарида самимий, беғубор суҳбатлар бўларди. Дадамни ўша пайтдаги Тожикистон раҳбари Турсун Ўлжабоев Маданият вазири бўлиб ишлашга таклиф этган. Лекин у киши унамаганлар. Мен учун эркин ижод афзал деганлар” дея хотираларини баён қилди қизлари Зулфия Назарова.
Тожикистонда Назаровлар оиласини ижодкорлар оиласи деб аташади. Аширматнинг укаси Назарматнинг ижодий фаолияти Ўзбекистонда кечди. У «Қизил Ўзбекистон»(ҳозирги «Ўзбекистон овози»), «Тошкент ҳақиқати» газеталарида адабиёт ва санъат бўлимини бошқарган. Унинг йигирмадан ортиқ шеърий, насрий асарлари чоп этилган.

Назарматга Ўзбекистон Республикасида хизмат кўрсатган маданият ходими (1967) унвони берилган. Ўзбекистон мустақиллигининг етти йиллиги муносабати билан адиб «Эл-юрт ҳурмати» ордени (1998) билан мукофотланган.
Дарвоқе, Тожикистонда Назарматнинг 70, 80 йиллик юбилей тадбирлари кенг миқёсда нишонланган эди.
Тожикистонда яшаб, замонавий ўзбек адабиётига муносиб ҳисса қўшган шоир ва таржимон Аширматнинг хизматлари ҳам уносиб баҳоланган. Спитамен тумани марказидаги дам олиш ва маданият боғи, 27-ўрта умумтаълим муассасаси, кўчалардан бирига Аширмат номига берилган.
– Мен шоир акаларим билан фахрланаман, – деди 95 ёшни қоралаб қолган Иқлима Назарова. – Аширмат акамнинг хотира кечасини ташкил қилган вилоят ва туман раҳбарларига, Тожикистон Ёзувчилар иттифоқи мутасаддиларига ўз миннатдорчилигимни билдираман, дея онахон акаси шоир Аширмат шеърларидан бирини ёддан ўқиб берди.
Кечада шоир ижодидан шеърлар ўқилди, куй-қўшиқлар ижро этилди.
Ўринбой УСМОН,
ЎзА