Ўзбек
Chinese
Turkish
Tajik
Kyrgyz
Turkmen
Japanese
Arabic
English
French
Spanish
Русский
German
Ўзбек
Oʻzbek
Қазақ
Вазифалар — залворли, ижро иштиёқи — баланд
20:49 / 2021-06-05

Сурхон воҳаси — мамлакатимизнинг серқуёш ҳудудларидан бири бўлиб, иқтисодий салоҳияти, табиий бойликлари билан мамлакатимиз тараққиётида муҳим ўрин тутади. Бугун вилоят аҳлининг кайфияти юқори, эртанги кунга ишончи баланд, ҳар бир кунидан рози, давлатимиздан, Президентимиздан миннатдор.

Президентимиз Шавкат Мирзиёев ҳудудларни ижтимоий-иқтисодий ривожлантириш борасидаги ислоҳотлар, амалга оширилаётган улкан бунёдкорлик ишлари ҳамда аввал берилган топшириқлар ижроси билан танишиш ва истиқболдаги режаларни белгилаб олиш мақсадида 1-2 июнь кунлари Сурхондарё вилоятида бўлди.

Давлатимиз раҳбарининг воҳага бу галги ташрифи нафақат вилоят аҳлига, балки бутун юртдошларимизга чексиз ғурур-ифтихор бағишлади. Чунки икки кунлик сафар давомида вилоятни комплекс ривожлантириш, «маҳаллабай» ишлаш асосида аҳоли муаммоларини ҳал этиш ва ҳаётини яхшилаш бўйича саккизта йўналишдан иборат аниқ вазифалар белгилаб берилди.

«Ўсиш нуқталари» белгилаб берилди

Термиз шаҳрида маҳаллий кенгаш депутатлари, тадбиркор ва фермерлар, нуронийлар, ёшлар, жамоатчилик фаоллари иштирокида бўлиб ўтган йиғилишда вилоятни комплекс ривожлантириш, «маҳаллабай» тизимда аҳоли ҳаётини яхшилаш бўйича устувор вазифалар кўрсатиб ўтилди.

Мамлакатимиз раҳбари томорқадан оқилона фойдаланиш масаласига алоҳида эътибор қаратар экан, Сурхондарё мисолида хонадон эгаси – тайёрловчи, корхона – қайта ишловчи ва экспортёрларни боғловчи, янги яхлит тизим яратилишини таъкидлади. Бу борада унумдорлиги паст, ғалладан бўшайдиган майдонлардан томорқа ер эгаларига сабзавот-полиз маҳсулотлари етиштиришга ўртача 15-20 сотихдан 10 йил муддатгача ижарага ер беришнинг ҳуқуқий асослари ишлаб чиқилиши, очиғи, тарихда бўлмаган.

Бинобарин, агар ҳар бир оила ўз томорқа хўжалигидан самарали фойдаланса, экин экиш билан бирга уй ҳайвонларини ҳам парваришласа, қишлоқ хўжалиги маҳсулотлари билан ўзини-ўзи таъминлайди. Энг муҳими, томорқада сифатли маҳсулотлар етиштириш, кўплаб янги иш ўринлари яратиш имконини беради.

Шу сабабли давлатимиз раҳбари аҳолини томорқадан самарали фойдаланишга ўргатиш бўйича Сурхондарё вилояти ҳокими ҳамда Ўзбекистон фермер, деҳқон хўжаликлари ва томорқа ер эгалари кенгаши олдига аниқ вазифалар қўйди. Эндиликда берилган топшириқлардан келиб чиқиб, жорий йилнинг 1 декабрига қадар «Бир маҳалла – бир маҳсулот» тамойили асосида 86 минг хонадонга сабзавот ва кўкатлар, 72 минг хонадонга картошканинг серҳосил навларини кластер усулида эктириш, 36 минг хонадонда узум кўчатларини экиш, «Шеробод тажрибаси»ни қўллаган ҳолда вилоят бўйича 43 мингта хонадонда анор етиштириш чораларини кўрамиз.

Сир эмаски, давлатимиз раҳбари ғояси асосида сўнгги йилларда қишлоқ хўжалигида маҳсулот етиштириш ва уни қайта ишлашнинг занжирли усулига асосланган кластер тизими пайдо бўлди. Мақсад битта — шаҳар, туман ва вилоят ичида жойлашган бир хил соҳа корхоналарини ҳамда улар билан ягона технологик занжирда бўлган таълим, илмий, муҳандислик, консалтинг, стандартлаштириш, сертификатлаштириш ва бошқа хизматларни уйғунлаштиришдир. Зеро, шу асосда инновацион ишлаб чиқариш ташкил этилади ва рақобатбардош товарлар яратишнинг яхлит платформаси юзага келади.

Президентимиз томонидан Шеробод туманидаги “Sherobod Gardens” МЧЖ негизида анорчилик кластери, Бандихон туманидаги “Best garden томорқа хизмати» МЧЖ, Музработ туманидаги «Музработ томорқа хизмати» МЧЖ, Сариосиё туманида «Сариосиё файз томорқа хизмати» МЧЖлар фаолиятини кластер усулида ташкил этиш вазифаси қўйилдики, бу аҳолининг бандлик даражасини таъминлашда катта аҳамият касб этиши қатори турмуш даражасини ҳам оширишга хизмат қилади.

50 минг нафар кишининг бандлиги  таъминланади

Бугун кичик бизнес ва хусусий тадбиркорлик давлат ва жамият ҳаётининг барча соҳаларига чуқур кириб борди. У иқтисодий тараққиётимизнинг асосий ҳаракатлантирувчи кучига айланди. Ҳозир тадбиркорлар давлат томонидан қўллаб-қувватланиб, уларга зарур шароитлар яратиб берилаётгани туфайли, жойларда тадбиркорлар сони кўпаяпти, аҳоли бандлиги таъминланяпти.

Шу нуқтаи назардан вилоятда тадбиркорлик ва ўзини ўзи банд қилишни кенгайтириш учун оилавий тадбиркорлик ҳамда хизмат кўрсатишни ривожлантириш дастурлари доирасида 727 миллиард сўм кредит ажратилиши мутлақо тўғри ва ниҳоятда оқилона қарордир. Буларнинг бари вилоят иқтисодий қудратини ошириш, халқимиз турмуш фаровонлигини янада юксалтиришга хизмат қилиши муқаррар.

Булар ҳали ҳаммаси эмас. Вилоятнинг Бандихон, Қизириқ, Музработ ва Шеробод туманлари ривожига туртки бериш мақсадида ушбу туманларда янгидан ташкил этиладиган тадбиркорлик субъектларини 2024 йил 1 январга қадар ер, мол-мулк, кичик корхона айланмасидан олинадиган солиқлар, якка тартибдаги тадбиркорларнинг қатъий миқдордаги даромад солиғидан озод этилиши бизнес вакиллари учун катта имконият ва рағбат бўлди.

2021-2022 йилларда вилоятда умумий қиймати 16 триллион 800 миллиард сўм бўлган 1 минг 177 та ҳудудий инвестиция лойиҳаларининг амалга оширилиши эса бутун воҳаликларни ҳайратга солди. Негаки, ушбу лойиҳаларнинг ҳаётга татбиқ этилиши натижасида 25 мингта янги иш ўрни яратилади, шунча одам доимий иш жойига, даромад манбаига эга бўлади, қора қозони қайнайди.

Бандликка кўмаклашиш ва Жамоат ишлари жамғармаларидан 32 миллиард сўм ажратилиши ҳисобига жорий йилда жамоат ишлари, кооператив ва томорқа хўжалигида 50 минг нафар ишсизнинг бандлигини таъминланиши Президентимизнинг ҳар бир фуқаро учун қанчалик қайғуришини, жон куйдиришини, одамларни ҳаётдан рози қилиш йўлида ҳамма нарсага тайёр эканлигини амалда яққол намоён этди.

483 та қишлоқ ва маҳалла  ободонлаштирилади

Ободлик, озодалик бор жойда файзу-барака бўлади, одамларнинг турмуш даражаси янада ошади. Ҳозир воҳада амалга оширилаётган ободонлаштириш, улкан бунёдкорлик ишлари янги кўринишга эга бўлаётган хонадон эгаларига олам-олам қувонч улашмоқда. Уй-жойига эътиборли бўлиш, обод ва озода гўша завқини туйиб яшаш ҳиссини янада кучайтирмоқда.

Жорий йилда бу борадаги ишлар кўлами янада кенгайиб, Сурхондарё кўз ўнгимизда катта қурилишлар, янгиланишлар, бунёдкорликлар майдонига айланади. Сабаби бу йил вилоятда «Обод қишлоқ» ва «Обод маҳалла» дастури доирасида 483 та қишлоқ ва маҳаллада ободонлаштириш ишлари олиб борилмоқда. Бунинг учун 1,6 триллион сўм маблағ ажратилган.

Воҳада аҳоли ва халқ хўжалик тармоқларини ичимлик суви билан таъминлаш ҳаётий масалалардан бири. Яқин 2-3 йилда вилоятда 1,5 миллион аҳолининг ичимлик суви муаммоларини тўлиқ ҳал қилиш, бунинг учун «Тўпаланг» сув омборидан 400 километр магистраль тармоқлар тортиш бўйича лойиҳа ишлаб чиқилиши Сурхондарё аҳлининг айни дилидаги гап бўлди. Бу мамлакатимиз раҳбарининг оддий фуқаролар ҳаёти, яшаш шароити ҳақида нечоғлик қайғураётганидан далолат эмасми!?

Хулоса ўрнида айтганда, давлатимиз раҳбарининг Сурхондарё вилоятига ташрифи том маънода тарихий воқеа бўлди, десак ҳеч қандай муболаға бўлмайди. Зеро, мазкур ташриф одамларнинг кайфиятини кўтарди, ҳар бир фуқарога беқиёс куч-қувват бағишлади. Белгилаб берилган аниқ вазифалар ижросини ўз вақтида таъминлаш эса ЎзЛиДеП ва унинг парламентдаги фракцияси аъзоларидан якдиллик ва фаоллик талаб этади.

Актам ҲАИТОВ,

Олий Мажлис Қонунчилик

палатаси Спикери ўринбосари,

ЎзЛиДеП фракцияси раҳбари