English
Chinese
Turkish
Tajik
Kyrgyz
Turkmen
Japanese
Arabic
English
French
Spanish
Русский
German
Ўзбек
Oʻzbek
Қазақ
Вазифалар ижроси ўрганилди
12:01 / 2026-01-16

Республика Бош прокурори ўринбосари С.Самадов бошчилигидаги ишчи гуруҳ давлатимиз раҳбарининг 2025 йил 25 ноябрь куни Самарқанд вилоятига ташрифи чоғида белгилаб берилган вазифалар ҳамда 2025 йил 27 декабрдаги “Самарқанд вилоятини ижтимоий-иқтисодий ривожлантиришга қаратилган чора-тадбирларни янада жадаллаштириш тўғрисида”ги қарори ижроси юзасидан Ургут туманида олиб борилаётган ишларни ўрганди.

Президентимиз ташриф чоғида Ургут тумани марказига “Янги Ўзбекистон” қиёфасини олиб кириб, юртимиздаги энг замонавий ва кўркам шаҳарлардан бирига айлантириш зарурлигини таъкидлаган эди. Бу ҳақда давлатимиз раҳбарининг тегишли қарори ҳам қабул қилинган.

Унга кўра, туманнинг Қуйи Камангарон маҳалласидаги “Янги Ўзбекистон” массивига туташ ҳудуддан 90 гектар қўшимча жой ажратиб, замонавий урбанистика асосида 100 минг аҳолига мўлжалланган замонавий экошаҳар барпо этилади. Янги шаҳарда йўл, сув, канализация, электр, мактаб, боғча, шифохона ва бошқа инфратузилма объектларини қуриш, тадбиркорлик лойиҳалари учун 50 миллион доллар ажратилади. Шунингдек, ушбу ҳудудда 3 гектар майдонда туманнинг 35 та ташкилоти учун ягона маъмурий марказ қурилади. Айни пайтда тегишли идоралар билан биргаликда янги экошаҳар лойиҳасини ишлаб чиқиш жараёнлари давом этмоқда.

Давлатимиз раҳбарининг вилоятни ижтимоий-иқтисодий ривожлантиришга қаратилган чора-тадбирларни янада жадаллаштиришга доир қарорида эса Ургут тумани марказини бошқа ҳудудлар билан боғловчи “Тойлоқ-Ургут” (12 км), “Булунғур-Ургут” (20 км), “Самарқанд–Айний” (10 км), тумандан ўтувчи М–39 “Тошкент–Термиз” (19 км), “Ургут–Ғўс–Авазмерган” (10 км) йўлларини реконструкция қилиш белгиланган. Шунингдек, туманнинг Тожикистон билан чегарасидаги Жартепа чегара божхона постига туташ ҳудудда 10 гектар ер майдонида “Жартепа” эркин савдо зонаси ташкил этилади.

Бош прокурор ўринбосари ушбу топшириқ ва вазифалар асосида олиб борилаётган ишлар, хусусан, ижтимоий соҳа объектларидаги қурилиш  жараёнлари, энергия ресурсларидан самарали фойдаланиш борасидаги ишларни жойига чиққан ҳолда кўздан кечирди. Қурилишга масъуллар ва мутасаддилар билан суҳбатлашиб, ишларни белгиланган муддатларда ва сифатли амалга ошириш, объектларда қонунчилик талабларига қатъий риоя этилишини таъминлаш, ажратилган бюджет маблағларидан мақсадли ва самарали фойдаланиш бўйича топшириқлар берди.  

Ўрганишлар давомида Ургут савдо комплекси ҳудудида электр энергиясидан унумли фойдаланиш ва хавфсизлик масалалари юзасидан кўргазмали семинар ташкил этилди.  

Ғ.Ҳасанов, ЎзА мухбири