French
Chinese
Turkish
Tajik
Kyrgyz
Turkmen
Japanese
Arabic
English
French
Spanish
Русский
German
Ўзбек
Oʻzbek
Қазақ
Ватиканнинг “тинчлик миссияси” бор ва йўқ...
14:01 / 2023-05-02

Россия – Украина

АҚШ маъмурияти Ватиканнинг Украина можаросини ҳал этишга оид саъй-ҳаракатларидан хабардор, деб маълум қилди Оқ уйнинг матбуот котиби Карин Жан-Пьер.

“CNN” телеканали Украина раҳбариятига яқин манбаларга таяниб, Киев ҳокимияти Ватиканнинг “тинчлик миссияси” ҳақида маълумотга эга эмаслигини айтиб чиқди.  

“Президент Владимир Зеленский Украина томони бундай муҳокамалар учун изн бермаган. Агар шундай муҳокамалар олиб борилаётган бўлса, бунда бизнинг иштирокимиз йўқ, бизни бу ҳақда огоҳлантиришмаган”, деган манба.

Канада Бош вазири Жастин Трюдо ва Президент Зеленский телефон мулоқоти чоғида Оттава томонидан Киевга ёрдам бериш масаласини муҳокама қилишган, деб хабар берди Канада ҳукумати матбуот хизмати.  

“Етакчилар бугун ва келажакда Украинани қўллаб-қувватлаш учун ҳарбий, гуманитар, молиявий ва бошқа ёрдамлар кўрсатиш ҳақида келишиб олдилар”, дейилади хабарда.  

Швейцария мамлакат нейтралитететини таъминлашга қаратилган миллий қонунчиликда мустаҳкамлаб қўйилган амалларга кўра,  Украинага қурол-аслаҳа етказиб бера олмайди. Бу ҳақда Швейцариянинг БМТдаги доимий вакили Паскаль Кристин Берисвиль маълум қилган.

“Ҳарбийдан ташқари бошқа ёрдамлар кўрсатмоқдамиз. Масалан, Женевада дон шартномасини амалга ошириш бўйича қатор учрашувлар ўтказилган”, деган дипломат.

Ўтган ойда Украина бюджетига халқаро ҳамкорлардан 5,5 миллиард доллардан зиёд маблағ келиб тушган. Бу ҳақда Олий Рада депутати Ярослав Железняк ижтимоий тармоқлардаги ўз саҳифасида айтган.  

Йил бошидан бери Киевга берилган халқаро ёрдамлар миқдори 16,5 миллиард долларни ташкил қилган.  

“Kyodo” агентлигига кўра, Украина Мудофаа вазири Алексей Резников Токиодан радиоэлектрон кураш учун ускуналар етказиб беришни сўраган.  

“Бу Украинага учувчисиз бошқариладиган учоқлар билан кураш учун зарур”, дейилади хабарда.

Резников, шунингдек, Япониянинг конституция билан чегараланган қурол-аслаҳа етказиб беролмаслигини тўғри тушунишини билдирган.  

“УНИАН” агентлигининг хабар беришича, Американинг “Zuni” ракеталари Украинага етиб келган. Мамлакатнинг Ҳаво кучлари қўмондони Николай Олешук бу ҳақда хабар берган.  

АҚШ ҳокимияти йил бошида Украинага тўрт минг дона бошқарилмайдиган “ҳаво-ер” тоифасидаги “Zuni” авиация ракеталарини етказиб бериши тўғрисида маълум қилган эди.

“Bloomberg” хабарида Польша Украина донининг импортига тақиқ қўйганини тасдиқлагани айтилади. “Ҳукмрон “Ҳуқуқ ва адолат” партияси кузда бўладиган парламент сайловлари олдидан сайловчиларнинг қаҳрига учрамаслик учун шундай йўл тутишга мажбур бўлгани” айтилади.

АҚШ Қуролли кучлари Штаблар бошлиқлари қўмитаси раиси Марк Милли Украина Қуролли кучлари бош қўмондони Валерий Залужний билан телефон мулоқоти чоғида мавжуд вазият кўриб чиқилган.  

“Томонлар мавжуд зиддият атрофидаги вазиятнинг истиқболи ва баҳолари билан фикр алмашдилар”, дейилади Америка томондан тарқатилган хабарда.  

Миллининг суҳбат давомида “Украинанинг суверенитетини ва ҳудудий яхлитлигини қўллашда содиқ қолажагини изҳор қилган”, дейилади матбуот учун баёнотда.

 

Аброр ХОН,  

ЎзА