Ватанпарварликни талаб қилганлар уни ўзлари ҳам амалда кўрсата олиши шарт
Қайси давлатда кўпроқ, умумий беморлар, тузалганлар сони ва минг афсуски, вафот этганлар ҳақида пешма-пеш маълумотлар берилмоқда.
Ижтимоий тармоқларда короновирус касаллиги бўйича маълумотлар керагидан ортиқ даражада тарқатилмоқда. Қайси давлатда кўпроқ, умумий беморлар, тузалганлар сони ва минг афсуски, вафот этганлар ҳақида пешма-пеш маълумотлар берилмоқда.
Тўғри, ҳамма ҳам иссиқ жон, лекин ваҳима қилишга асос йўқ, деб ўйлаймиз. Сабаби, мутахассислар фикрича, короновирус инфекцияси ҳам грипп касалликлари тоифасига кирар экан.
Аммо ахборот маконидаги ишончли-ишончсиз ахборотларнинг кескин кўпайиши жараёнида аҳолининг ваҳимага тушиши ҳам табиий. Чунки, интернет тармоғи орқали тўғри ва нотўғри маълумотлар, уларни сарагини-саракка ажрата олиш салоҳияти ва кўникмаси етишмаслиги ҳар қандай кишини чалғитади.
Шу боис бўлса керак, бугунги кунда айрим фуқароларимиз озиқ-овқат маҳсулотларини заруратидан кўп миқдорда харид қилаётган ҳолатлар кузатилмоқда. Ўз навбатида, “уддабурон тадбиркорлар”, айрим ноинсоф шахслар ҳам бу ҳолатда ўз фойдасини кўзлаган ҳолда иш тутиш пайида бўлмоқда. Ҳамма бирлашиши лозим бўлган шундай вазиятларда халқимизга ёрдам бериш ўрнига фурсатдан фойдаланиб, нархларни сунъий равишда ошириб мўмайгина даромад олиш илинжида бўлишмоқда. Бунинг ҳеч қандай урф-одатларимизга ва инсонийлик фазилатларга тўғри келмаслиги улар учун
юзинчи даражада турибди.
Бундай ҳолатларда зарур тиббий буюмлар (ниқоб, антисептик воситалар) ишлаб чиқарувчилар ҳамда энг керакли озиқ-овқат маҳсулотлари билан савдо қилувчилар ўзларининг ватанпарварлик, инсонийлик фазилатларини айнан ҳозир кўрсатишлари лозим эмасми?
Бундан ташқари, касаллик билан курашишнинг асосий йўлларидан бири, бу интернет ва ОАВда тарқатилаётган ҳар хил ваҳимали хабарлар тўғрисида расмийлар томонидан аниқ, холис, воқеликни тўғри талқин қилган ҳолда маълумотлар етказиб бериб туриш ҳисобланади.
Айниқса, касалланган фуқароларнинг ҳолати, касалликни ўтиш жараёнлари тўғрисидаги Соғлиқни сақлаш вазирлиги томонидан ҳозиргидан ҳам тезкор аниқ маълумотлар бериб борилиши мақсадга мувофиқ.
Шу билан биргаликда, имкон қадар касалланиб, тузалган фуқароларнинг ўзларидан ҳам интервьюлар олиш, аҳолига вазиятни тўғри етказиш ҳам ваҳималарнинг олдини олишга хизмат қилади, деб биламиз.
Мақсуд ҚУРБОНБОЕВ,
Абдуғани УМИРОВ,
Олий Мажлис Қонунчилик палатаси депутатлари