Ўзбекистон Бадиий академиясида миллий бирлик, ватанпарварлик ва юртга садоқат ғояларини тарғиб этишга бағишланган муҳим маънавий мулоқот ташкил этилди. Тадбир доирасида футбол бўйича Жаҳон чемпионати каби йирик халқаро мусобақаларда Ўзбекистон терма жамоаси ҳамда мухлислар иштирокини ғоявий-мафкуравий жиҳатдан тўғри йўналтириш масалалари муҳокама қилинди.
Муҳокамаларнинг асосий марказида халқаро спорт майдонларида ўзбекистонлик футбол мухлисларининг маданиятли, фаол ва миллий ўзлигини яққол ифода этувчи имижини шакллантириш масаласи бўлди. Таъкидланганидек, Жаҳон чемпионати нафақат спорт беллашуви, балки мамлакатнинг халқаро майдондаги нуфузини, миллий қиёфасини намоён этувчи муҳим минбардир. Шу боис мухлисларнинг ташқи кўриниши, рамз ва тимсоллардан фойдаланиш маданияти орқали Ўзбекистон шаъни ва миллий ғурури муносиб тарзда акс этиши лозимлиги қайд этилди.

Тадбир доирасида Бадиий академия тасарруфидаги таълим ташкилотлари томонидан яратилган ижодий асарлар намойиш этилиб, уларда миллий анъаналар, замонавий қарашлар, ватанпарварлик ғоялари ҳамда спорт орқали халқлар ўртасидаги дўстлик ва бирдамлик бадиий талқинда ифода этилди. Ушбу ижодий ишланмалар иштирокчилар ва меҳмонларда катта қизиқиш уйғотиб, ижодий фикр алмашув ва мушоҳадалар учун кенг имконият яратди.

Мазкур мулоқот ижодкорларнинг жамият ҳаётидаги маънавий-маърифий жараёнларда тутган ўрни нақадар муҳим эканини яна бир бор тасдиқлаб, Ўзбекистоннинг Жаҳон чемпионатига ҳар томонлама — спорт, маданият ва маънавият уйғунлигида олиб борилаётган тайёргарлигининг узвий қисми сифатида муҳим аҳамият касб этди.
Гулноза Бобоева, ЎзА