Ёш авлодни Ватанга муҳаббат, фидойилик ва миллий қадриятларга ҳурмат руҳида тарбиялаш ҳар биримиз учун муқаддас бурч ҳисобланади.
Шу мақсадда Ўзбекистон Ёшлар иттифоқи Сирдарё вилояти Кенгаши ташаббуси билан Гулистон давлат педагогика институти ҳамда бир қатор ҳамкор ташкилотлар ва жамоатчилик вакиллари иштирокида “Уч авлод учрашуви” ташкил этилди.


Тадбирда Миллий гвардиянинг Сирдарё вилояти бўйича бошқармаси, Мудофаа вазирлигининг Фахрийлар ишлари бўйича вилоят Кенгаши вакиллари ҳамда Мудофаа вазирлиги ҳузуридаги Жамоатчилик Кенгаши ҳудудий бўлимининг мутахассиси, ижодкор шоирлар ва афғон уруши қатнашчилари ҳам иштирок этишди.

“Уч авлод учрашуви”да фахрийлар ва ўрта авлод вакиллари ўз ҳаётий ва ҳарбий тажрибаларидан сўзлаб беришди. Талабалар ҳам ўз навбатида савол ва фикрлари билан фаол иштирок этишиб, қизиқарли ўтган муҳокамаларда қатнашишди.


– Бундай учрашувлар фақат тарих ва тажриба алмашиш майдони эмас, балки ёшлар қалбини Ватанга муҳаббат, фидойилик ва миллий қадриятларга ҳурмат руҳида тарбиялашда ҳам муҳим аҳамиятга эга, – деди Мудофаа вазирлиги Фахрийлар ишлари бўйича вилоят Кенгаши раиси, истеъфодаги майор Бурхон Абдуалимов. – Шу боисдан биз ёшларимизда садоқат ва масъулият ҳиссини кучайтиришимиз керак.
Ғулом Примов, ЎзА мухбири