Юртимизда Ўзбекистон Республикаси Қуролли Кучлари ташкил этилганлигининг 34 йиллиги муносабати билан “Миллий армия – она юрт қалқони, тинчлигимиз посбони” шиори остидаги “Ватанпарварлик ойлиги” бошланди.
Марказий ҳарбий округ ва Самарқанд вилоят ҳокимлиги ойлик давомида амалга ошириладиган тадбирлар ва улардан кутилаётган натижалар ҳақида маълумот бериш, ҳарбийлар ҳаёти билан яқиндан таништириш мақсадида оммавий ахборот воситалари вакиллари учун пресс-тур ташкил этди.
ОАВ ходимлари дастлаб Марказий ҳарбий округ қўшинларига қарашли ҳарбий қисмда аскарлар, офицер ва сержантлар учун яратилган шароитлар билан танишди.
– Ҳарбий қисмда 7/24 тартибида ишловчи кутубхона, “Ўқ отиш маркази”, ўқув биноси, машғулот хоналари, спорт зал, соҳибқирон Амир Темур ва жадидчилик ҳаракати намояндаларининг ҳаёти, уларнинг сиёсий фаолиятига бағишланган кўргазмалар ҳарбий хизматчиларни ватанпарварлик руҳида тарбиялаш, уларда миллий ғурур туйғуларини мустаҳкамлаш ва шижоатини оширишда муҳим аҳамият касб этмоқда, – дейди ҳарбий қисм командири ўринбосари Қосимжон Маҳкамов. – Шунингдек, ҳарбий хизматчиларнинг фарзандларига қулайлик яратиш мақсадида бу ерда хорижий тиллар ҳамда спорт тўгараклари ҳам ташкил этилган. Ушбу тўгараклар ва кутубхонага Ватанпарвар маҳалласида яшовчи оилалар фарзандлари ҳам жалб қилинмоқда.
[gallery-26756]
Ойлик доирасида Самарқанд шаҳрининг марказий кўчалари бўйлаб ҳарбий оркестрнинг ватанпарварлик марши садоси остида вилоятдаги ҳарбий қисмлар хизматчилари, Миллий гвардия, Мудофаа ва Фавқулодда вазиятлар бошқармалари, Мудофаага кўмаклашувчи “Ватанпарвар” ташкилоти ходимлари ҳамда кенг жамоатчилик вакилларининг ҳарбий юриши ташкил этилди.
Шундан сўнг Тошкент давлат иқтисодиёт университети Самарқанд филиалида ватанпарварлик ойлигининг очилишига бағишланган тадбир бўлиб ўтди.
Марказий ҳарбий округ қўмондонлиги ва Самарқанд вилоят ҳокимлиги масъуллари миллий армиямиз қудратини янада мустаҳкамлаш, халқимизнинг тинч ва осойишта ҳаётини таъминлаш борасида амалга оширилаётган ислоҳотлар ҳақида маълумот бердилар.
Ҳарбий хизматчилар томонидан намойиш этилган кўргазмали чиқишлар, ҳарбий техника ва қурол-аслаҳалар намойиши ёшларда катта таассурот қолдирди.
Бугундан вилоятдаги таълим муассасалари, маҳаллалар, боғ ва хиёбонларда Ватанпарварлик ойлиги доирасидаги тарғибот тадбирлари ўтказилмоқда.
Ғ.Ҳасанов, А.Исроилов (сурат), ЎзА мухбирлари