Навоий шаҳридаги Ёшлар марказида Ўзбекистон Республикаси Қуролли Кучлари ташкил топганининг 34 йиллиги ҳамда 14 январь – “Ватан ҳимоячилари куни” муносабати билан “Ватанпарварлик ойлиги”га тантанали старт берилди. Ушбу ойлик “Миллий армия – она Ватан қалқони, тинчлигимиз посбони!” шиори остида 2025 йил 15 декабрдан 2026 йил 15 январга қадар давом этади.
Ёш авлод қалбида Ватанга муҳаббат, миллий ғурур, фуқаролик масъулияти ва ҳарбий хизматга ҳурмат туйғуларини янада мустаҳкамлаш мақсадида ўтказилаётган ойлик доирасида мамлакатимиз тинчлиги ва осойишталигини таъминлашда Қуролли Кучларимизнинг тутган ўрни, ҳарбий хизматчиларнинг шарафли ва масъулиятли фаолияти кенг тарғиб этилади.

Унда вилоят ва шаҳар ҳокимликлари масъуллари, офицерлар, сержантлар ва аскарлар, Қуролли Кучларимиз ҳамда бошқа куч тузилмалари вакиллари, меҳнат ва ҳарбий хизмат фахрийлари, жамоат ташкилотлари вакиллари, ёшлар иштирок этди.

Тадбир аввалида сўзга чиққан Навоий шаҳар ҳокими Дилмурод Эргашев мамлакатимиз Қуролли Кучлари мустақиллик йилларида юксак салоҳиятга эга замонавий армия сифатида шакллангани, уларнинг давлатимиз суверенитети ва ҳудудий яхлитлигини таъминлашдаги ўрни беқиёс эканини алоҳида таъкидлади.

– Ёшларни ватанпарварлик, фидойилик ва садоқат руҳида тарбиялаш бугунги куннинг энг долзарб вазифаларидан биридир, – дейди Навоий гарнизони ҳарбий қисм командирининг ўринбосари, подполковник Бекзод Ўрозов. – Тадбирда ҳарбий хизматчиларнинг жасорати, ҳарбий бурчга садоқати ҳамда ёш авлод учун ўрнак бўла оладиган ҳаёт йўли ҳақида сўзлаб бердик. Ёшларни “Ватанпарварлик ойлиги” доирасида ташкил этиладиган учрашувлар, маънавий-маърифий суҳбатлар, ҳарбий қисмларга саёҳатлар, спорт мусобақалари ва кўргазмали тадбирларда фаол иштирок этишга чақирдик.


Албатта, “Ватанпарварлик ойлиги” давомида амалга ошириладиган кенг кўламли тадбирлар ёш авлод қалбида Ватанга муҳаббат, миллий ғурур, тарихий хотира ва юксак масъулият туйғуларини шакллантиришга хизмат қилади. Бу эса ўз навбатида, келажак авлодни юрт тақдирига бефарқ бўлмаган, фаол фуқаро сифатида вояга етказишда муҳим аҳамият касб этади.
А.Бўриев, ЎзА мухбири