Chinese
Chinese
Turkish
Tajik
Kyrgyz
Turkmen
Japanese
Arabic
English
French
Spanish
Русский
German
Ўзбек
Oʻzbek
Қазақ
Ватанпарварлик оиладан бошланади
21:27 / 2025-05-30

Пойтахтимиздаги “Ғалаба боғи” ёдгорлик мажмуасида “Фаровон оила сари” ойлиги доирасида “Ватанпарварлик оиладан бошланади” мавзусида маънавий тадбир ташкил этилди.

Мазкур лойиҳа Ўзбекистон Республикаси Оила ва хотин-қизлар қўмитаси ҳамда Мудофаа вазирлиги билан ҳамкорликда ўтказилди. 

Ўзбекистон Республикаси Бош вазирининг ўринбосари – Оила ва хотин-қизлар қўмитаси раиси Зулайҳо Маҳкамова ва бошқалар мамлакатимизда ёш авлодни ватанпарварлик руҳида камол топтиришда оилалар, айниқса, хотин-қизларнинг ҳам алоҳида ўрни борлигини эътироф этдилар. 

Тантанали тадбирда эътироф этилганидек, Оила ва хотин-қизлар қўмитаси, ҳамкор ташкилотлар, хотин-қизлар бошлағич ташкилотлари, “Оқила аёллар” ҳаракати, ҳудудий бошқармалар, туман (шаҳар) ҳокимликлари ва кенг жамоатчилик билан биргаликда вазирлик ва идораларнинг марказий ва қуйи тизим ташкилотларида, туман ва шаҳарларда, қишлоқларда, маҳаллаларда Халқаро оила куни муносабати билан интерактив тадбирлар, жумладан “Оила” квести, “Аҳил оила” кунлари, “Қўшни-қўшнига”, “Қадриятларимиз – бабаҳо бойлигимиз”, “Менинг оилам – менинг фахрим” каби муҳим маърифий – маданий тадбирлар, “Соғлом оила учун бирлашайлик!” шиори остида соғломлаштириш ва спорт тадбирлари ташкил этилди. 

Уларда республика бўйича минглаб, миллионлаб оилалар иштирок этди ва Оила ва хотин-қизлар қўмитаси ва ҳамкорларнинг эсдалик совғалари билан тақдирланди.

[gallery-23689]

Бугун мамлакатимизда 10 миллион 300 мингдан ортиқ оила мавжуд бўлиб, шундан 2 миллиондан кўпроғи ёш оилалардир. Сўнгги йилларда оила институтини ҳар томонлама мустаҳкамлаш, хотин-қизларнинг ҳуқуқ ва манфаатларини таъминлаш, аёлларнинг оила ва жамиятдаги нуфузини ошириш бўйича салмоқли ишлар олиб борилмоқда. 

Бу борадаги давлат сиёсатини самарали амалга ошириш мақсадида энг қуйи бўғин – маҳалла ва хонадонгача кириб борадиган вертикал тизим яратилди, “маҳалла еттилиги” фаолияти кучайтирилди, оила давлат ҳимоясида эканини намоён этувчи ижтимоий омиллар кўпайди. 

Ўзбекистон Республикаси Президентининг 2022 йил 7 мартдаги тегишли фармони ҳамда Вазирлар Маҳкамасининг 2023 йил 2 сентябрдаги қарорлари асосида “Ибратли оила” концепцияси ижтимоий-маънавий ҳаётимизга кириб келди.

Фаровон ва барқарор, ҳаёт тарзида миллий қадриятларни, маърифий мезонларни асраб авлодларга етказаётган, фарзандларини ҳалол, ватанпарвар ва ўқимишли қилиб тарбиялаётган, оилавий қадриятларни сақлаш ва ривожлантиришга ҳисса қўшаётган, ҳаётий тажрибалари оммалаштиришга муносиб бўлган оилалар ҳар йили Халқаро оила куни арафасида “Ибратли оила” кўкрак нишони билан тақдирланиши анъана тусини олди. 

Мазкур кўкрак нишони миллий ва умумбашарий қадриятларни тарғиб этиш, фарзандларимизни муносиб инсонлар қилиб тарбиялашда муҳим аҳамият касб этмоқда.

Давлатимиз раҳбари томонидан 2025 йил 7 март куни фарзандларини ҳалол, ватанпарвар ва ўқимишли қилиб тарбиялаётган, оилавий қадриятларни ривожлантиришга ҳисса қўшаётган оилалар сафини кенгайтириш бўйича белгиланган вазифалар асосида кўкрак нишони билан тақдирлаш тизими янада такомиллаштирилди ва бу йил кўкрак нишонига саралаш жараёнлари янги ёндашувлар асосида ташкил этилди.

2025 йил ҳудудий комиссиялар, вазирлик ва идоралар томонидан мазкур кўкрак нишонига 5000 та оила тавсия этилди ва иштирокчи оилалар сони ўтган йилга нисбатан 5,1 бараварга ортди.

Зеро, ватанпарварлик, юрт тақдири учун куйинчаклик, халқпарварлик, мардлик ва садоқат каби фазилатлар айнан соғлом оилавий муҳитда шаклланади.

Тадбирда ёшларни ватанпарвар, шижоатли, ҳалол, юксак маънавиятли инсонлар этиб вояга етказишда оиланинг ўрни беқиёс экани хусусида батафсил сўз юритилди. 

Ўзбекистонимизни, тинч ва осойишта кунларимизни, тараққиёт сари интилган она-юртимизни тараннум этувчи куй-қўшиқлар, шеърлар ижро этилди. Қизиқарли викториналар, кўргазмалар, спорт мусобақалари бўлиб ўтди. 

Назокат Усмонова, Рустам Назарматов (сурат), ЎзА мухбирлари