Янги Ўзбекистон лочинлари
Қайсидир фильм премьераси ҳақида сўз кетганда актёрларнинг қизил гилам тўшалган йўлакдан кириб келиши кўз олдимизда гавдаланади. Гўёки, фильм тақдимоти эмас, қимматбаҳо кийимлар кўргазмаси дейсиз. Аслида ҳам шундай. Жараённи ёритадиган оммавий ахборот воситалари учун киноасардан, унда бажарилган роллардан кўра кўпроқ кимнинг либоси қайси фирмага тегишли, нархи қанчалиги муҳим. Мулозаматлар ва олқишларнинг сохталигини айтмайсизми. Хуллас, йиллар давомида сийқаси чиққан мавзу.

Касбим тақазоси билан «Янги Ўзбекистон лочинлари» ҳужжатли-хроникали фильми тақдимотида қатнашдим. Юқоридаги ҳолатнинг умуман тескариси бўлган вазиятга дуч келдим. Ортиқча ҳашам йўқ. Қизил гилам тўшалган йўлак ҳам йўқ. Ҳаммаси самимий, ҳаммаси табиий. Чунки фильмда роль ижро этган актёрлар орамиздаги қаҳрамонлар – Ватан ҳимоячилари. Уларга сохта мулозамат ва олқишлар ярашмайди. Уларни ким танийди, дейишингиз мумкин. Таниши муҳим эмас. Ватанпарварлик ва машҳурлик ўртасида мутаносиблик бўлиши ҳам мумкин эмас. Негаки, ватанпарварлик ҳар қандай ҳашамдан, тенгсиз бойликдан ҳам юқори турувчи туйғу. Машҳурлик эса, тез келиб, тез унутиладиган ҳаётий жараёнлардан бири.

Аслида «Янги Ўзбекистон лочинлари» ҳужжатли-хроникали фильми қаҳрамонларини миллионлаб ҳамюртларимиз телеэкранларда, газета ва журналларда кўришган. Кўрганда ҳам Президентимиз, Қуролли Кучларимиз Олий Бош Қўмондони билан ёна-ён ўтириб суҳбатлашишини кўришган. Ўшанда онаси Нигора Рўзиохунова «Бу менинг ўғлим», опаси Шаҳноза Маҳмуджонова ва акаси Зиёдулло Маҳмуджонов «Бу менинг укам», яқинлари, маҳалладошлари, таниган-билганлар «Бу бизнинг Асадулло учувчи» деб фахрлангани аниқ. Мен ҳикоя қилмоқчи бўлган қаҳрамон лейтенант Асадулло Маҳмуджонов ҳам болалигидаги дўстлари Фазлиддин, Хуршид, Ҳабибулло билан биргаликда осмонда учган самолёт ва вертолётларнинг ортидан югуриб катта бўлган. У бошқалардан фарқли ўлароқ, болалик орзусига эришган. Энг муҳими – ҳамма ҳавас қиладиган тарзда эришган.

– Ёшлигимдан жуда ҳам “урушқоқ” бўлганимни яхши эслайман, дея ҳикоя қилади қаҳрамонимиз. – Буни уйдагиларим ва ошна-оғайниларим кўп эслатиб туришади. Мен буни урушқоқлик эмас, ўзимни бошқалардан кўра кўпроқ нарсаларни уддалай олишимга ишонтириш деб ҳисоблардим. Тўғри, жуда қайсар ва жиззаки бўлганман. Чунки ҳар соҳада етакчи бўлиш асосий мақсадим эди-да. Шунинг учун спортнинг барча турларини яхши ўзлаштиришга ҳаракат қилардим. Футбол, волейбол, баскетбол, стол тенниси, бокс бўйича турли мусобақаларда совриндор бўлганман.

Оилада кенжа фарзандман. Опам ва акамдан кейин туғилганман. Опам ҳам, акам ҳам оилавий шароит туфайли олий маълумотли бўла олишмаган. Шунинг учун улар менинг бирор олий таълим муассасасида ўқишимга бутун эътиборларини қаратишган. Онам ҳам ҳар доим олий маълумотли мутахассис бўлишимни таъкидлашни канда қилмасди. Ўттиз уч йилдан буён Халқ банки Марҳамат тумани филиалида меҳнат қилиб келади.
Ҳар сафар таътилга борганимда болалигимдаги бир воқеани қайта-қайта кулиб эслайдилар: ўртоқларим Фазлиддин, Хуршид, Ҳабибулло билан биргаликда осмонда учган самолёт ва вертолётларнинг ортидан тинмай югурардик. Кейин онамнинг олдига бориб, “Ойи, ойи!!! Дадамга айтинг шотимизни (нарвон) тузатсинлар. Катта бўлиб самолётда учаётганимда томга нарса ташлаб кетаман. Кейин уни қандай оласизлар”, деб роса хархаша қилардим. Ана беғубор болалигимдаги қизиқишим туфайли ҳарбий авиация соҳасига кириб келганман. Тўғрисини айтганда оддий оиланинг фарзандиман. Дадам Абдуллажон Рўзиохунов деҳқончилик билан шуғулланган. Қовун-тарвуз экарди. Шунинг учун далада катта бўлганман десам адашмайман. Бироз улғайганимдан сўнг, кенг даладаги сим каравотда мовий осмонда парвоз қилаётган самолётларга узоқ қараб ётишни ёқтирардим. Дадам учувчи бўлиш ҳақидаги орзуларимни билганлиги учун мени ортиқча безовта қилмасди. Бўш пайтларимда дадамнинг ўзи спорт тўгаракларига етаклаб борарди. Акам эса турникда тортилиш бўйича кўплаб мураккаб машқларини ўргатарди. Онамнинг айтишларича, қайсарлигим, спортга қизиқишим дадамдан ўтган.
Бошланғич сабоқни маҳалламиздаги 16-сонли умумтаълим мактабида олганман. Кейин ўқишни Марҳамат тумани марказидаги 3-сонли махсус мактабда давом эттирганман. Бу мактаб аниқ фанларни чуқур ўзлаштиришга ихтисослаштирилган эди. Синф раҳбарим Абдураҳмон Ҳакимов ва бошқа устозларимдан кўп нарсаларни ўргандим ва мактабни имтиёзли гувоҳнома билан тамомладим. 8-синфда ўқиб юрган кезларим оиламизнинг суянчиғи дадам вафот этиб қолди. Бу машъум воқеа биз учун қаттиқ зарба бўлди. Шундан сўнг ҳарбий учувчи бўлиш аҳдим янада кучайди ва 9-синфни тугатганимдан кейин, Фарғонадаги «Темурбеклар мактаби» ҳарбий-академик лицейига ҳужжат топширдим.
«Лицейга кира олмасангчи. Ўқишни шу ердаги бирорта коллежда давом эттира қол...?» Ўшанда унинг хавотир билан айтган гапларига қарамай Фарғонага йўл олдим. Ойим мен учун ҳаётда ютқазишдан кўра оғирроқ нарса йўқлигини биларди ва лицейга кира олмаслигим қаттиқ зарба бўлишидан ташвишланган. Имтиҳонлардан муваффақиятли ўтиб, эгнимга ҳарбий либос кийдим. «Темурбеклар мактаби»ни ҳам аъло баҳоларга тугатиб, Ўзбекистон Республикаси ҳарбий авиация институтига имтиёз билан қабул қилиндим. Кейин... кейин эса кўриб турганингиздек Як-52, Л-39 самолётлари ва Ми-8, Ми-171 вертолётларида учган ҳарбий учувчига айландим. Уларнинг ҳар биттасида юзлаб соат парвоз вақтига эгаман...
Бир қарашда Асадулло учувчиликка осонликча эришгандай туюлади. Аммо бунинг ортида қанчалик машаққатли меҳнат, тинимсиз изланиш, мақсадга интилиш ва келажакка ишонч бўлганлигини унинг ўзи билади. Онаси Нигора Рўзиохунова, опаси Шаҳноза Маҳмуджонова ва акаси Зиёдулло Маҳмуджонов, болаликдаги дўсти Фазлиддин Ҳусанов, мактабдаги, лицейдаги, авиация институтидаги устозлари билишади. Подполковник Даврон Жаҳоналиевдан самолётда, подполковник Дилшод Тўйчиевдан вертолётда учиш сирларини ўрганди.
Лейтенент Асадулло Махмудов 2002 йил 9 январда Андижон вилояти Марҳамат тумани Фолға маҳалласида туғилган. Севимли адибимиз, Ўзбекистон халқ шоири Муҳаммад Юсуф юртдоши. Шу сабаблими, Асадулло ҳам баъзи-баъзида ижод билан шуғулланиб туради.
«Янги Ўзбекистон лочинлари» ҳужжатли-хроникали фильми тақдимоти муносабати билан лейтенент Асадулло Маҳмудов ва курсант Шермуҳаммад Тошмуҳаммедовнинг ҳаёт йўли билан қисман танишиш имконига эга бўлдим. Шу ҳолатда Леонардо Ди Каприо ижросидаги «Авиатор», Вахтанг Кикабидзе ижросидаги «Мимино» фильмларида учувчи бўлиш машаққатлари кўз ўнгимга келди. Катта экран юзини кўрган авиаторлар ҳақидаги бунга ўхшаган кўплаб кино асарларни мисол келтириш мумкин. Келажакда бизда ҳам шундай фильмлар яратиш учун тайёр сценарийлар тиқилиб ётибди. Қайсидир бир режиссёрнинг ижтимоий тармоқларга берган интервьюсида «Бизда халқона фильмларни яратиш учун мавзу бўладиган воқеликлар етишмайди» деган баҳонасига кўзим тушганди. Самолёт, самолёт қанотингда олиб кет... Мана сизга мавзу. Шермуҳаммад Аширов, Нариман Абкелямов, Темур Чориев, Асадулло Маҳмудов, Шермуҳаммад Тошмуҳаммедов – мана сизга қаҳрамонлар.
Асрор РЎЗИБОЕВ,
“Ватанпарвар” мухбири.
ЎзА
--0--