Қўнғирот туманида ёш авлод қалбида Ватанга садоқат, миллий ғурур ва фидойилик туйғуларини янада мустаҳкамлаш, уларни ҳарбий-ватанпарварлик руҳида тарбиялаш мақсадида “Миллий армия - Она юрт қалқони, тинчлигимиз посбони” шиори остида Ватанпарварлик фестивали ўтказилди.
Мазкур фестиваль Қорақалпоғистон Республикасидаги барча куч тузилмалари, ҳарбий қисмлар, ҳуқуқ-тартибот органлари ҳамда кенг жамоатчилик вакиллари иштирокида юқори савияда ташкил этилди.

Фестиваль доирасида барча куч тузилмаларининг ҳарбий парадлари намойиш қилинди. Саф тортиб ўтган ҳарбий бўлинмалар, замонавий ҳарбий техника ва махсус воситалар томошабинларда катта қизиқиш уйғотди. Ҳарбийларнинг интизоми, жипслиги ва жанговар тайёргарлиги Ватан мудофааси доимо ишончли қўлларда эканини яна бир бор намоён этди.

Ҳарбий оркестр томонидан ижро этилган Ватанни мадҳ этувчи куй-қўшиқлар мазкур тадбирга алоҳида файз бағишлаган бўлса, фахрий қоровулнинг тантанали саф чиқишлари эса фестиваль мазмунини янада бойитди.

Тадбир давомида ёшлар учун турли кўргазмалар, ҳарбий-амалий чиқишлар, қурол-яроғ ва ҳарбий кийимлар намойиши ташкил этилди. Ҳарбий хизматчилар ўз касби, Ватан олдидаги бурч ва масъулият ҳақида ёшларга батафсил сўзлаб бериб, уларнинг ҳарбий соҳага бўлган қизиқишларини янада оширишди.
Довуд Абибуллаев,
ЎзА мухбири