Қазақ
Chinese
Turkish
Tajik
Kyrgyz
Turkmen
Japanese
Arabic
English
French
Spanish
Русский
German
Ўзбек
Oʻzbek
Қазақ
Ватанпарварлик – эзгу фазилат
15:20 / 2025-12-26

Айни кунларда мамлакатимиз бўйлаб кенг миқёсда ўтказилаётган “Ватанпарварлик ойлиги” доирасида Давлат хавфсизлик хизмати Чегара қўшинлари ҳарбий қисм ва бўлинмалари томонидан ҳам ёшларни юртга садоқатли, миллий қадрият ва анъаналаримизга ҳурмат руҳида тарбиялашга хизмат қилувчи турли маънавий тадбирлар, давра суҳбатлари, уч авлод учрашувлари, “Жасорат” дарслари ҳамда кўрик-танлов ва мусобақалар ташкил этилмоқда.

Хусусан, Тошкент вилояти Оҳангарон туманидаги ҳарбий қисм мезбонлик қилган ана шундай тадбирлардан бири давомида сарҳадларимиз ҳимоячилари ва ёшлар ўртасида кечган самимий мулоқотдан сўнг, эртамиз эгалари учун қурол-аслаҳа ва ҳарбий техникалар намойиши ўтказилиб, уларнинг қўлланилишига оид кўплаб қизиқарли маълумотлар бериб ўтилди. Хизмат ити иштирокида амалга оширилган кўргазмали чиқишлар йиғилганларда катта таассурот қолдирди. 

Тошкент туманининг 3-сонли умумтаълим мактабида бўлиб ўтган тадбир ҳам кўтаринки руҳда ташкил этилиб, дастлаб, Ватанимиз сарҳадлари ҳимоясини таъминлашда кўп йиллар давомида хизмат қилган фахрийлар томонидан ёшлар учун маҳорат дарслари ўтказилди. Шундан сўнг, келажагимиз бунёдкорлари томонидан ватанпарварлик, юртга садоқат ва меҳр-оқибатни тараннум этувчи шеърлар, бадиий парчалар ҳамда саҳна кўринишлари намойиш этилди. 

Тумандаги Ахборот-кутубхона марказида “Армия – жасорат, матонат ва билим маскани!” шиори остида ўтказилган тадбирда Ўзбекистон халқ шоири Сирожиддин Саййиднинг Ватанга муҳаббат ва ҳарбий хизмат шарафини тараннум этувчи “Армия ва тарбия” номли шеърий китоби тақдимот қилинди. Унда сўз олганлар миллий ва умуминсоний қадриятларга ҳурмат руҳида ёзилган шу каби асарларни мутолаа қилиш катта аҳамиятга эга экани хусусида тўхталиб ўтдилар. Тадбирда Республика Маънавият ва маърифат маркази Тошкент тумани бўлинмаси раҳбари А. Тулакова ҳам қатнашиб, ёшлар ва ҳарбийларга ватанпарварлик руҳидаги шеърий китоблар совға қилди.

Қибрай туманидаги 43-сонли умумтаълим мактабида ўтказилган учрашув “Менинг дадам - Ватан ҳимоячиси!” деб номланди. Унда ўқувчи ёшлар ҳамда сарҳадларимиз посбонларининг фарзандлари иштирок этдилар. Ҳарбий хизматнинг шарафли ва масъулияти, тинчликнинг нечоғли буюк неъмат экани ҳақида сўз юритилган ушбу тадбир давомида, ёшлар ўз оталарининг касби билан чексиз фахрланишларини ва келгусида уларга муносиб издош бўлишга ҳаракат қилишларини тўлқинланиб сўзладилар. Шу куни ҳарбийлар ва ёшлар ўртасида “Заковат” интеллектуал ўйини ҳам ташкил этилди.

Хоразм вилояти Гурлан туманидаги 45-сонли умумтаълим мактабида бўлиб ўтган “Жасорат” дарси давомида ҳам тинчлик ва осойишталикнинг қадри ҳақида сўз юритилиб, мавзуга оид видеолавҳалар намойиш этилди. Ҳарбийлар билан бевосита мулоқотга киришган ёшлар хизмат жараёни, касбий талаблар ва ҳарбий ҳаёт ҳақида ўзларини қизиқтирган кўплаб саволларга жавоблар олдилар.

Бундай учрашувлар ёшлар қалбида юртга муҳаббат, унинг тақдири учун қайғуриш ва келажакда тинчликнинг ҳимоячиси бўлиб вояга етишга интилиш каби ҳисларни оширишга хизмат қилади. Зеро, Ватан ҳимояси - бу жасорат, садоқат ва фидойиликнинг ёрқин намунасидир. Бундай юксак фазилатларни ёшлар онгига сингдириш эса - жуда муҳим ва зарур масала. Бугунги тадбир давомида ҳам айни шу жиҳатларга эътибор қаратишга ҳаракат қилдик дейди, - мактаб ўқитувчиси Зарифа Эгамова.

Термиз шаҳридаги “Ёш чегарачилар” ҳарбий-академик лицейида ташкил этилган ватанпарварлик тадбирида шаҳардаги 3-сонли ихтисослаштирилган мактаб ўқувчилари учун лицей бўйлаб саёҳат ташкил этилди. “Очиқ эшиклар куни” доирасида ўтказилган учрашув давомида ёшлар лицейдаги таълим йўналишлари, ўқувчиларнинг кун тартиби, яратилган шарт-шароитлар ва қулайликлар ҳамда эришилаётган натижалар билан яқиндан танишиш имконига эга бўлдилар.

Таъкидлаш жоизки, бу каби кенг қамровли тадбирлар бутун мамлакатимиз бўйлаб ДХХ Чегара қўшинларига қарашли ҳарбий қисм ва бўлинмалар, шунингдек чегараолди ҳудудлардаги умумтаълим мактабларида давом этмоқда.

Ф.Бобожонова, 

ДХХ Чегара қўшинлари майори