Тошкент вилояти Бўстонлиқ туманидаги “Ёшлар оромгоҳи”да Ёшлар ишлари агентлиги ташаббуси билан Мудофаа вазирлиги, Миллий гвардия, Ички ишлар вазирлиги ҳамда қатор идоралар ҳамкорлигида 7 кунлик алоҳида дастур асосида “Ватанпарварлар” тарбия ва спорт-соғломлаштириш оромгоҳи ташкил этилди.
Ёшларни ҳарбий-ватанпарварлик руҳида тарбиялаш, уларнинг бўш вақтини мазмунли ўтказиш орқали ҳарбий хизматга қизиқтириш, касб-ҳунарга ўқитиш мақсадида ҳудудларда ёшлар учун ташкил этилган оромгоҳда Қорақалпоғистон Республикасидан келган 220 нафар ўғил-қиз иштирокида машғулот, тренинг ва семинарлар ўтказилди.


Ҳарбий хизматчиларнинг жанговар чиқишлари, “Ватанпарвар” ташкилотининг ҳарбий-техникалари кўргазмаси намойиш қилинди. Камондан ўқ отиш мусобақалари уюштирилди.


Шунингдек, якка тартибда “Психолог қабули”, турли психологик ўйинлар ва тренинг машғулотлари, спорт мусобақалари ва беллашувлар, ўз-ўзини ривожлантиришга қаратилган мотивацион тренинглар, интеллектуал ўйинлар, шахмат мусобақалари, маданий дастурлар ҳамда дискотекалар бўлиб ўтди.
Оромгоҳ якунларига кўра, муваффақиятли иштирок этган ёшлар рағбатлантирилади.

Гулноза Бобоева, ЎзА