Русский
Chinese
Turkish
Tajik
Kyrgyz
Turkmen
Japanese
Arabic
English
French
Spanish
Русский
German
Ўзбек
Oʻzbek
Қазақ
“Ватанпарварлар” ҳарбий-спорт мусобақасининг сурхондарёлик ғолиблари аниқланди
18:05 / 2022-04-15

Жануби-ғарбий махсус ҳарбий округининг Термиз гарнизонидаги ҳарбий қисмда Мудофаа вазири кубоги учун “Ватанпарварлар” ҳарбий-спорт мусобақасининг вилоят босқичи бўлиб ўтди.

Унда беллашувнинг туман ва шаҳар босқичларида ғолиб бўлган умумтаълим мактаблари 10-11 синф ўқувчиларидан иборат 14 та жамоа ўзаро куч синашди. Эрта тонгдан ҳарбий оркестр жамоасининг куй садолари остида тантанали кутиб олинган мусобақа иштирокчилари ҳарбий қисм саф майдонида сафланди.  

Мусобақанинг Жанубий оператив қўмондонлиги, Сурхондарё вилояти мудофаа ишлари бошқармаси, Термиз ҳарбий прокуратураси, вилоят халқ таълими бошқармаси, фахрийлар ва ҳарбий пенсионерлар, давлат ва жамоат ташкилотлари вакиллари иштирок этган тантанали очилиш маросимида кейинги йилларда мамлакатимизда ҳар тарафлама соғлом, чуқур билимга эга ватанпарвар ёшларни тарбиялашга алоҳида эътибор қаратилаётгани таъкидланди.  

Мудофаа вазири кубоги учун анъанавий ўтказилаётган “Ватанпарварлар” ҳарбий-спорт мусобақаси ҳам маънан етук ва жисмонан соғлом бўлажак Ватан ҳимоячиларини кашф этишга хизмат қилаётгани қайд этилди. Уч босқичдан иборат беллашув низомига кўра, жамоалар “Сафда қўшиқ айтиш” шартида жонли ҳарбийча қўшиқ ижро этди. “Моҳир мерган” шартида пневматик қуролда назорат отиш машқини бажарди. АК-74 автомат қуролини нотўлиқ қисмларга ажратиш ва йиғиш, “Ҳарбий эстафета” шартида газга қарши ниқобни кийиш ва юк автомобилининг ғилдирагини айлантириб югуриш бўйича ўзаро беллашди. “Жабрланувчига биринчи ёрдам кўрсатиш” шарти бўйича биринчи тез ёрдам кўрсатиш, қиз ва ўғил болалар ўртасида ўтказилган “Дуатлон” ҳамда “Темур тузуклари билимдони” беллашувларида ўз билим, маҳорат ва кўникмаларини кенг намойиш этди.  

Қизғин баҳсларга бой бўлган мусобақа якунида Термиз туманидаги 6-ихтисослаштирилган давлат умумтаълим мактабининг “Сарҳад” жамоаси фахрли биринчи ўринни қўлга киритиб, беллашувнинг мамлакат босқичига йўлланма олди. Шеробод туманидаги 26- умумтаълим мактабининг “Кўҳитанг бургутлари” ва Денов туманидаги 10- умумтаълим мактабининг “БАРС” жамоалари иккинчи ҳамда учинчи ўринларни эгаллади.  

Ғолиб ва совриндорлар диплом, фахрий ёрлиқ ва эсдалик совғалар билан тақдирланди. Ҳарбий-спорт мусобақаси доирасида спортнинг якка кураш турига ихтисослашган болалар ва ўсмирлар спорт мактаби ёш спортчиларининг кўргазмали чиқишлари намойиш этилди. “Ватанпарвар” ташкилоти вилоят кенгашининг ўқув автомобиллари ва спорт мотоцикллари кўргазмаси ҳам иштирокчиларда бой таассурот уйғотди.  
Тадбир Термиз гарнизони ҳарбий оркестр жамоасининг қизиқарли концерт дастури билан якунланди.  


Холмўмин МАМАТРАЙИМОВ, ЎзА