Русский
Chinese
Turkish
Tajik
Kyrgyz
Turkmen
Japanese
Arabic
English
French
Spanish
Русский
German
Ўзбек
Oʻzbek
Қазақ
Ватанпарвар ёшларни тарбиялаш йўлида ҳамкорлик
16:21 / 2024-02-13

Ҳар қандай жамият тараққиётида унинг келажагини таъминлайдиган ёш авлоднинг соғлом ва баркамол бўлиб вояга етиши муҳим аҳамият касб этади. Шу сабабли мамлакатимизда ислоҳотлар кўлами ва самарасини янада оширишда ҳар томонлама етук, замонавий билим ва ҳунарларни эгаллаган, азму шижоатли, ташаббускор ёшларга таянилади.

Давлатимиз раҳбари – Қуролли Кучларимиз Олий Бош Қўмондони раислигида жорий йилнинг 12 январь куни ўтказилган Хавфсизлик Кенгашининг кенгайтирилган таркибдаги йиғилишида ёшларни ватанпарварлик руҳида тарбиялаш, уларнинг онгу шуурини эзгу мақсадлар сари йўналтириб, касб-ҳунар эгаллаши, жамиятда ўз ўрнини топишига кўмаклашиш борасида мамлакатимиз Қуролли Кучлари таркибига кирувчи вазирлик ва идораларга бир қатор топшириқлар берилди. 

Таъкидлаш керакки, Давлат хавфсизлик хизмати Чегара қўшинлари томонидан анъанавий тарзда ўтказиб келинаётган “Ёш чегарачилар” ҳарбий-ватанпарварлик мусобақаси ҳам Республикамизнинг чегараолди ҳудудларидаги умумтаълим муассасаларида ташкил этилган “Ёш чегарачилар” клубларига аъзо жами 10 минг нафардан ортиқ ўқувчи ёшларни қамраб олган ҳолда, уларни юртга муҳаббат, 
ҳарбий-ватанпарварлик руҳида тарбиялаш, бўш вақтини мазмунли ташкил этиб, Чегара қўшинларининг шонли ва жанговар анъаналарига асосланган ҳолда ҳарбийликка бўлган қизиқишларини ошириш ва босқичма-босқич тайёрлаб боришга йўналтирилгани билан аҳамиятлидир. 

Мазкур мусобақанинг 2024 йилги мавсумини юқори савияда ўтказиш мақсадида ДХХ Чегара қўшинлари ташаббуси билан Ўзбекистон Миллий матбуот марказида ташкил этилган ишчи гуруҳи йиғилишида Тошкент шаҳри ва вилояти ҳокимликлари, Маданият, Мактабгача ва мактаб таълими, Ички ишлар, Соғлиқни сақлаш, Спорт ҳамда Транспорт вазирликлари, Ёшлар иттифоқи Марказий Кенгаши, Ёшлар ишлари агентлиги, Маҳалла уюшмаси, “Ўзбекистон темир йўллари” АЖ, Давлат муассасалари ва жамоат хизмати ходимлари касаба уюшмаси Республика Кенгаши, Республика Маънавият ва маърифат маркази, Жамоат хавфсизлиги департаменти Йўл ҳаракати хавфсизлиги хизмати вакиллари иштирок этди. 

Йиғилишда “Ёш чегарачилар” ҳарбий-ватанпарварлик мусобақасининг 2023 йилги мавсуми, унда эришилган ютуқ ва натижалар, шу билан бирга йўл қўйилган камчиликлар сарҳисоб қилинди. Шундан сўнг, мусобақани йилдан-йилга такомиллаштириб бориш мақсадида Вазирлар Маҳкамасининг 2023 йил 26 июнь кунги “Республика чегараолди шаҳар ва туманларидаги умумий ўрта таълим мактабларида ташкил этилган “Ёш чегарачилар” клублари фаолиятини тартибга солиш ва қўллаб-қувватлаш чора-тадбирлари тўғрисида” ги қарори қабул қилиниб, ҳаётга татбиқ этилаётгани таъкидланди. 

Шунингдек, мазкур қарорнинг 2-иловасига мувофиқ, Чегара қўшинлари ва ҳамкор вазирликлар ўртасида 2023 йил 26 сентябрь куни имзоланган “Ёш чегарачилар” клублари ўртасида ҳарбий-ватанпарварлик мусобақасини ташкил этиш, мусобақа шартлари 
ва баҳолаш мезонларини белгилаш тўғрисида” ги қўшма қарор бу йилги мусобақаларни ўтказишда бош мезон бўлиб хизмат қилиши ҳақида ҳам сўз юритилди. Юқоридагилар билан бир қаторда, энг чекка ҳудудларда истиқомат қилаётган ёшларни мусобақаларга кенг қамраб олиш ва бунинг учун биргаликда амалга оширилиши зарур бўлган вазифалар, талаб этиладиган куч ва воситалар хусусида таклиф ва мулоҳазалар билдирилди. 

– Қувонарли жиҳати шундаки, ёшларимизни юртга садоқат руҳида тарбиялаш ишларини тизимлаштириш мақсадида ҳамкор вазирлик ва идоралар билан биргаликда уч босқичда ўтказиладиган “Ёш чегарачилар” ҳарбий-ватанпарварлик мусобақасининг ҳуқуқий асосларини яратишга муваффақ бўлдик, – дейди Ўзбекистон Ёшлар иттифоқи Марказий кенгаши ҳарбий бўлим бош мутахассиси Наргиза Тожимуротова. – Бугунги йиғилишимизда ана шу қарорлар асосида туман, вилоят ва Республика босқичларини юқори савияда ўтказиш, ишчи гуруҳ аъзолари томонидан жойларга хизмат сафарлари уюштириб, ҳудудий босқичларни назоратга олиш масаласи, иштирокчиларни муносиб тақдирлаш, мусобақаларни ўтказиш жараёнида ёшлар учун маънавий-маърифий тадбирлар ташкил этиш, диққатга сазовор жойларга ташрифларини уюштириш, ёзувчи ва шоирлар, таниқли санъат намояндалари билан учрашувларини ўтказиш ҳамда ватанпарварликка йўғрилган фильмларни намойиш этиш зарурлиги муҳокама қилинди. Ишончим комилки бу йилги мавсум жуда кенг қамровда ва юқори савияда бўлиб ўтади. Якунда йиғилиш иштирокчилари мусобақаларнинг барча босқичларида амалга ошириладиган вазифалар юзасидан ўзаро келишиб олди. 

Фарида Бобожонова

ДХХ Чегара қўшинлари, майор