Spanish
Chinese
Turkish
Tajik
Kyrgyz
Turkmen
Japanese
Arabic
English
French
Spanish
Русский
German
Ўзбек
Oʻzbek
Қазақ
Ватанпарвар ёшлар – юрт таянчи
09:55 / 2023-02-25

Музработ туманида Сурхондарё вилояти ички ишлар бошқармаси ва туман ҳокимлиги ҳамкорлигида “Мақсадимиз – ёшларни ватанпарварлик руҳида тарбиялаш” шиори остида ёшлар фестивали ўтказилди.

Байрамона руҳда ўтган тадбирда вилоят ИИБ бошлиғи, полковник А. Исмоилов ва бошқалар мамлакатимизда кейинги йилларда ёшларни ҳар тарафлама қўллаб-қувватлаб, уларнинг изланиш ҳамда истеъдодини муносиб рағбатлантиришга алоҳида эътибор қаратилаётганини таъкидлади. Ҳозирги глобаллашув даврида ёш авлодни Ватанга муҳаббат, юртга садоқат, миллий ва умумбашарий қадриятларга ҳурмат руҳида тарбиялаш юзасидан амалга оширилаётган ишлар хусусида фикр алмашди.  

Қизиқарли лаҳзаларга бой бўлган фестиваль доирасида “Соғлом ҳаёт учун 5000 қадам” шиори остида юриш марафони ўтказилди. Вилоят ички ишлар бошқармаси бошлиғининг кубоги учун спортнинг волейбол, миллий кураш, арқон тортиш, қўлда куч синашиш, тош кўтариш, камондан ўқ отиш турлари бўйича ташкил этилган мусобақаларда 830 нафар йигит-қиз ўз куч ва маҳоратини синовдан ўтказди. Якунда энг кучли, энг чаққон 72 нафар ғолиб ва совриндор муносиб рағбатлантирилди. Ҳарбий хизматчиларнинг кўргазмали чиқишлари намойиш этилди.  

Тадбир доирасида “Ёшлар дафтари”га киритилган 12 нафар ёшга  ўзини ўзи банд қилиш учун асбоб-ускуна, 12 нафарига сафарбарлик чақируви резерви харажатлари учун пул маблағи ва 10 нафар ёшнинг замонавий касбларда ўқиши учун тўлов бадаллари қоплаб бериладиган сертификат топширилди.  

Фестиваль туман марказидаги "Афсона" тўйхонасида "Уч авлод учрашуви" тадбирига уланиб кетди. Кекса, ўрта ва ёш авлодни бир даврада бирлаштирган маънавий-маърифий тадбирда ёши улуғ отахон, онахонлар ҳаёти ҳамда меҳнат фаолияти давомида тўплаган бой тажрибаси, ёшлик йилларидаги ўзига хос қийинчиликлар, меҳнат давридаги машаққатлар ва бугунги тинч, фаровон замонда уларга кўрсатилаётган чексиз ҳурмат-эҳтиром ҳақида сўз юритди. Ёшларни Янги Ўзбекистонни барпо этишда янада фаол бўлишга чорлади.  

Ёшлар фестивали ва "Уч авлод учрашуви"да санъаткорларнинг она Ватан, тинч, обод турмуш, муҳаббат ва садоқат тараннум этилган куй-қўшиқлари, бадиий чиқишлари барчага бир олам завқ бағишлади.    

Холмўмин МАМАТРАЙИМОВ, ЎзА