Миллий гвардия Тошкент вилояти бўйича бошқармасида “Дунёдаги энг кучли жангчи бу ўзбек жангчиси” шиори остида ватанпарварлик тадбири ўтказилди.
Унда мазкур бошқарманинг меҳнат фахрийлар кенгаши раиси, Ўзбекистон Ёшлар иттифоқи Тошкент вилояти кенгаши бўлим бошлиғи, хизмат давомида юқори натижаларга эришган ҳарбий хизматчилар ҳамда Нурафшон шаҳридаги умумтаълим мактабларининг 180 нафар ўқувчи-ёшлари қатнашди.


Дастлаб Миллий гвардия Тошкент вилояти бўйича бошқармаси бошлиғи бугунги кунда ўқувчи-ёшлар учун яратилаётган имкониятлар ҳақида сўз юритди. Фахрий устозлар “Дунёдаги энг кучли жангчи бу ўзбек жангчиси” шиори остида ёшларни миллий ғоя ва Ватанга садоқат руҳида тарбиялаш, бой тарихимиз ва маданиятимиз, жонажон Ватанимизнинг мустақиллиги ва равнақи йўлида фидокорона курашган миллий қаҳрамонларимиз билан фахрланиш кераклиги таъкидланди.


– Ёшларга ён-атрофимиз ва жаҳонда рўй бераётган сиёсий-ижтимоий жараёнларга миллий манфаатларимиздан келиб чиққан ҳолда ёндашиш кўникмаларини бериш керак, – дейди Ўзбекистон ёшлар иттифоқи Тошкент вилояти Кенгаши бўлим бошлиғи Эркин Шаропов. – Шунингдек, суҳбатларимиз давомида улуғ аждодларимизнинг бой маънавий мероси, Жалолиддин Мангуберди, Амир Темур, Заҳириддин Муҳаммад Бобур каби саркардаларнинг жаҳон цивилизацияси ҳамда ҳарбий санъат ривожига қўшган ҳиссалари ҳақида фикр алмашяпмиз.



Шунингдек, тадбир давомида ўқувчи-ёшлар учун махсус вазифаларни бажарувчи отряд шахсий таркибининг кўргазмали қўл жанги чиқишлари намойиш этилди. Малакали мутахассислар томонидан кўргазмали қуроллар ўқув нуқталари яъни ҳарбий техникалар ва қурол-аслаҳалар, тоғ тайёргарлиги анжомлари, ҳарбий хизматчиларни бир кунлик озиқ-овқат ва кийим-кечак таъминотлари, ҳарбий алоқа воситалари ҳамда тиббий анжомлар билан таништирилди. Иштирокчиларга отларда сайр қилиш имкони яратилди. Бу каби очиқ мулоқотлар Тошкент вилояти ҳудудларида давом этмоқда.
А.Мусаев, ЎзА