Spanish
Chinese
Turkish
Tajik
Kyrgyz
Turkmen
Japanese
Arabic
English
French
Spanish
Русский
German
Ўзбек
Oʻzbek
Қазақ
Ватанпарвар ёшлар – юрт келажаги
12:13 / 2024-03-13

Сурхондарё вилояти ИИБ ва Қизириқ тумани ички ишлар бўлими ҳамкорлигида тумандаги учинчи секторда ўғил-қизларни ватанпарварлик руҳида тарбиялашга йўналтирилган ёшлар фестивали ташкил этилди.

Тадбирда кейинги йилларда мамлакатимиз ёшларини ҳарбий-ватанпарварлик руҳида тарбиялашга қаратилаётган юксак эътибор ва унинг самаралари ҳақида сўз юритилди. Бу борада ички ишлар органлари ходимлари амалга ошираётган ишлар хусусида фикр алмашилди.  

Қизириқ туманида ҳам ички ишлар органлари ходимлари эртамиз эгалари бўлган ёшларни ҳарбий-ватанпарварлик руҳида тарбиялашга алоҳида эътибор қаратмоқда. Умумтаълим мактаблари ўқувчилари, маҳаллалардаги уюшмаган йигит-қизлар ва пробация гуруҳи ҳисобида турувчи ёшларнинг Ватанга муҳаббат, юртга садоқат ва миллий қадриятларимизга ҳурмат туйғусини оширишга қаратилган турли тадбирлар ўтказилаётир. Ёшларни спортга кенг жалб этиш орқали бўш вақтини мазмунли ўтказиш, жисмонан бақувват, чуқур билим ва кенг дунёқарашли авлод этиб камолга етказишга кўмаклашмоқда.  

Фестиваль доирасида туман марказий стадионида ташкил этилган ҳарбийларнинг кўргазмали чиқишлари иштирокчиларда катта қизиқиш уйғотди. Қизиқарли спорт мусобақалари, миллий ўйинлар, ёш китобхонларнинг “Заковат” беллашувлари ўтказилди. Янги чоп этилган китоблар ва ўқувчи-ёшларнинг миллий ҳунармандлик буюмлари кўргазмаси барчага манзур бўлди. Ватан, юртга муҳаббат, тинчлик ва фаровонлик куйланган қизиқарли концерт дастури намойиш этилди.  

Холмўмин Маматрайимов, ЎзА мухбири