Ўзбек
Chinese
Turkish
Tajik
Kyrgyz
Turkmen
Japanese
Arabic
English
French
Spanish
Русский
German
Ўзбек
Oʻzbek
Қазақ
Ватанпарвар ёшлар миллий спорт ўйинларида куч синашди
17:21 / 2024-05-27

ФОТОРЕПОРТАЖ

Сурхондарё вилояти Термиз туманида жойлашган Миллий гвардия ҳузуридаги Қорабайир отлари маҳорат мактабида ёшлар иштирокида ватанпарварлик фестивали ўтказилди.

Тадбирда Миллий гвардия, мактабгача ва мактаб таълими бошқармаси, Ёшлар ишлари агентлиги, туман ҳокимлиги вакиллари, фахрийлар, оталиққа олинган ёшлар ҳамда умумтаълим мактабларидаги “Ёш гвардиячилар” ватанпарварлик синфлари ўқувчилари иштирок этди. 

Дастлаб от спортининг конкур, от устида кураш ҳамда жамоавий улоқ кўпкари бўйича мусобақалар уюштирилди. Мард ва эпчил чавандозларнинг чиқишлари барчага кўтаринки кайфият, олам-олам завқ бағишлади. Мазкур миллий ўйинлар қизғин ва муросасиз баҳсларга бой тарзда ўтди. 

Спортнинг камондан отиш тури бўйича ташкил этилган беллашувлар ёшлар орасидан мерган спортчиларни саралаб олиш имконини берди. Шаҳар ва туманлардан ташриф буюрган ўғил-қизларнинг мерганлик синовлари малакали ҳакамлар томонидан одилона баҳолаб борилди. Белгиланган нишонга қарата аниқ мўлжални олган иштирокчиларгина ғолибликни қўлга киритди. 

[gallery-17582]

Шунингдек, фестивалда арқон тортиш, тош кўтариш, армрестлинг, кураш, шахмат-шашка, стол тенниси, бокс, кикбоксинг, каратэ ҳамда бадиий гимнастика бўйича ёшлар ўз жисмоний имконияти ва қобилиятини намоён этди. 

Тадбир доирасида ёшлар китоблар ярмаркаси, Миллий гвардия бўлинмаларидаги махсус жиҳоз ва техникалар, қурол-аслаҳалар кўргазмаси билан яқиндан танишди. 

Ҳарбий хизматчиларнинг қўл жанги чиқишлари ҳамда иқтидорли ўғил-қизларнинг мусиқа ва санъатдаги ижрочилик маҳорати тадбир қатнашчиларида катта таассурот қолдирди.

Якунда фестиваль доирасида уюштирилган мусобақаларда ғолибликни қўлга киритган ҳамда фаол иштирок этган ёшларга ташкилотчилар томонидан диплом, медаль ва қимматбаҳо совғалар топширилди. 

Жонибек ҚЎЗИМУРОДОВ (сурат), ЎзА