Мамлакатимизда ёшларни ҳар томонлама қўллаб-қувватлаш, уларнинг маънавий ва жисмоний камолоти учун яратилаётган имкониятлар изчил давом этмоқда. Шу мақсадда амалга оширилаётган “Жасорат мактаби” лойиҳаси ёшларда ватанпарварлик, интизом ва масъулият туйғуларини шакллантиришда муҳим аҳамият касб этмоқда.
Қашқадарё вилоятида лойиҳанинг навбатдаги мавсумига старт берилди. Бу галги мавсумда 220 нафар ёшлар икки гуруҳга бўлиниб, Муборак ва Нишон туманларидаги ҳарбий қисмларда 10 кунлик машғулотларда иштирок этмоқда. Улар ҳарбий тайёргарлик, касб-ҳунар ва жисмоний баркамоллик бўйича билим ва кўникмаларни ошириш имкониятига эга бўлади.
Тантанали очилиш маросимида сўз олганлар ёшларга келгуси фаолиятларида муваффақиятлар тилаб, ҳарбий қисмда ўрганилаётган интизом ва масъулиятни ҳаётда қўллаш муҳимлигини таъкидлади. Ҳарбий хизматчиларнинг жанговар чиқишлари ёшларда ватанга муҳаббат ҳиссини янада кучайтирди.
Лойиҳа доирасида вилоят ҳокими кубоги учун мини-футбол, “Миллий кураш”, ҳарбий эстафета ва “Заковат” интеллектуал ўйинлари ташкил этилмоқда. Ғолиблар қимматбаҳо совғалар билан тақдирланиши режалаштирилган.
[gallery-25744]
Шунингдек, 220 нафар ёш учун тадбиркорлик бўйича 10 кунлик семинар-тренинглар ўтказилиб, фаол иштирокчиларга имтиёзли кредитлар олиш учун сертификатлар топширилади.
“Жасорат мактаби” лойиҳаси ёшларни соғлом ҳаётга йўналтириш, улар онгида ватанпарварлик ва меҳнатсеварлик туйғуларини мустаҳкамлашга хизмат қилмоқда.
Ўлмас Баротов, Жамшид Норқобилов (сурат), ЎзА мухбирлари