Қазақ
Chinese
Turkish
Tajik
Kyrgyz
Turkmen
Japanese
Arabic
English
French
Spanish
Русский
German
Ўзбек
Oʻzbek
Қазақ
“Ватанпарвар” ташкилотида фуқароларни касбга ўқитиш масалалари муҳокама қилинди
18:50 / 2022-11-25

Ўзбекистон Республикаси мудофаасига кўмаклашувчи “Ватанпарвар” ташкилоти Марказий кенгаши томонидан “Ватанпарвар” ташкилотида фуқароларни касб-ҳунарга ўқитиш тизими: мавжуд имкониятлар ва ривожлантириш истиқболлари” мавзусида илмий-амалий конференция ўтказилди.

Конференциядан кўзланган асосий мақсад давлат ва жамоат ташкилотлари ҳамда “Ватанпарвар” ташкилоти ўртасида фуқароларни оммавий техник касбларга ўқитиш бўйича ўзаро ҳамкорлик ишларини ижтимоий шериклик асосида янада кучайтириш, ташкилот тизимида фуқароларни меҳнат бозорида талаб юқори касбларга ўқитиш самарадорлигини ошириш бўйича истиқболдаги қўшимча чора-тадбирларни белгилаб олишдан иборат. 

“Ватанпарвар” ташкилотининг 31 йиллиги муносабати билан ташкил этилган ушбу тадбирда Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлиси Қонунчилик палатаси депутатлари, Мудофаа, Олий ва ўрта махсус таълим, Халқ таълими ҳамда Бандлик ва меҳнат муносабатлари вазирликлари, Ёшлар ишлари агентлиги масъул ходимлари, “Ватанпарвар” ташкилоти Марказий кенгаши ва унинг таркибий тузилмалари раҳбар ходимлари иштирок этди. 

Конференцияда иштирок этган вазирлик, идора ва жамоат ташкилотларининг масъул ходимлари ўзлари фаолият юритаётган ташкилотларда фуқаролар, айниқса, ёшларни касбга тайёрлаш бўйича амалга оширилаётган ишлар тўғрисида маъруза қилиб, ушбу йўналишда “Ватанпарвар” ташкилоти билан мустаҳкам ҳамкорликда иш олиб бориш бўйича таклиф ва мулоҳазаларини билдирди. 

Тадбир иштирокчилари, шунингдек, сўнгги икки йилда “Ватанпарвар” ташкилоти томонидан “Ёшлар дафтари”да рўйхатда турувчи ёшлар ҳамда “Темир дафтар” ва “Аёллар дафтари”дан ўрин олган оилаларнинг фарзандлари имтиёз асосида оммавий техник касбларга тайёрланиши бўйича амалга оширилаётган ишларга юксак баҳо берди.  

Айниқса, “Ватанпарвар” ташкилоти тизимида ўтган йили йўлга қўйилган мутлақо янгича тизим – автомототранспорт ҳайдовчиларини тайёрлаш курсларида ўқиётган эҳтиёжманд ёшлар билан машғулотлардан ташқари вақтда “Муваффақиятга эришиш сирлари”, “Тадбиркорлик ва ёшлар”, “Ҳаёт машаққатлари ва уларни психологик енгиш жиҳатлари” мавзуларида давра суҳбатлари ҳамда “Инқироз ҳолатини енгиб ўтиш психологияси”, “Ёшларда лидерлик қобилиятини ривожлантириш” мавзуларида семинар-тренинглар ўтказилаётгани алоҳида эътироф этилди. Ушбу амалиёт ёшларнинг ўзларига бўлган ишончи ортиши ва келгуси ҳаётларида ўз ўринларини топишлари учун мотивация бўлиб хизмат қилмоқда. 

Конференция якунида вазирлик ва идоралар ҳамда “Ватанпарвар” ташкилоти ўртасида фуқароларни оммавий техник касбларга ўқитишга доир ҳамкорликни янги босқичга кўтариш, шунингдек, ушбу йўналишдаги ишлар самарадорлигини ошириш бўйича чора-тадбирлар белгилаб олинди.  

Ўзбекистон Республикаси мудофаасига кўмаклашувчи  

“Ватанпарвар” ташкилоти матбуот хизмати  

ЎзА