French
Chinese
Turkish
Tajik
Kyrgyz
Turkmen
Japanese
Arabic
English
French
Spanish
Русский
German
Ўзбек
Oʻzbek
Қазақ
«Ватанпарвар» ташкилоти: ёшлар учун янги имкониятлар ва имтиёзлар
08:04 / 2022-07-07

Ўзбекистон Республикаси мудофаасига кўмаклашувчи «Ватанпарвар» ташкилоти Марказий кенгашида матбуот анжумани ташкил этилди.

Унда ташкилот Марказий кенгаши раиси Ҳусан Ботиров аҳоли, айниқса, ёшларни ҳарбий-ватанпаварлик руҳида тарбиялаш, уларни спортнинг техник ва амалий турларига жалб этиш ҳамда оммавий техник касб мутахассисликларига тайёрлаш бўйича амалга оширилаётган кенг кўламли ишлар тўғрисида маълумот берди.

Таъкидланишича, ташкилот томонидан ёшларнинг бўш вақтини мазмунли ўтказиш, уларни ҳарбий-ватанпарварлик руҳида тарбиялаш мақсадида доимий равишда «Ватанпарвар – менинг танловим!» шиори остида «Очиқ эшиклар кунлари», «Уч авлод учрашуви», «Мардлар қўриқлайди Ватанни», «Биз – ватанпарварлармиз», «Мард аскар – ёшларга намуна» каби тадбирлар ўтказиб келинмоқда.

Жорий йилнинг февраль-апрель ойларида «Миллий армиямиз – ёшлар нигоҳида» шиори остида маҳаллалардаги ёшлар ўртасида ўтказилган ҳарбий-ватанпарварлик тадбирларида  ташкилот ўзининг кўргазмали намойишлари ва ватанпарварлик карвонлари билан фаол иштирок этди.

Шунингдек, мудофаа вазири кубоги учун умумтаълим мактабларининг 10-11 синф ўқувчилари ўртасида «Ватанпарварлар» ҳарбий-спорт мусобақасининг туман, вилоят ва республика босқичлари ўтказилишида ташкилотнинг қўшган ҳиссаси салмоқли бўлди.

Жорий ёз мавсумида таътилга чиққан болалар ва ўсмирлар дам олаётган республикадаги соғломлаштириш лагерлари ва умумтаълим мактабларидаги кундузги оромгоҳларда ҳарбий-ватанпарварлик, спорт ва йўл ҳаракати хавфсизлиги тарғиботи тадбирлари кенг кўламда олиб борилмоқда.

– Хабарингиз бор, республика бўйлаб «Ватанпарвар» ташкилоти тизимида автокросс, мотокросс, картинг, триатлон, дуатлон, ёзги биатлон, пневматик қуролдан ўқ отиш, моделизм, радиоспорт каби спортнинг техник ва амалий турлари бўйича ташкил этилган спорт секциялари ҳамда тўгаракларида шуғулланиш мутлақо бепул ҳисобланади, – деди Ҳ.Ботиров – Ташкилот спортчилари ҳар йили жаҳон ареналарида юқори ўринларни қўлга киритиб келмоқда. Ўтган йили спортчилар Ўзбекистон миллий терма жамоалари таркибида 5 та халқаро мусобақаларда иштирок этиб, 16 та медалга сазовор бўлди. Шулардан 5 та олтин, 8 та кумуш, 3 та бронза медали ҳамда зотли итлар кўргазмаларида 6 та медаль ва 22 та диплом билан тақдирланди.

Жорий йилнинг май ойида Германиянинг Зул шаҳрида спортнинг ўқ отиш тури бўйича ёшлар ўртасида ўтказилган Жаҳон кубоги мусобақасида иштирок этган «Ватанпарвар» ташкилоти спортчиси, 18 ёшли Муҳаммад Камолов 10 метр масофага тўппончадан отиш мусобақасида муносиб иштирок этиб, 3 учинчи ўринни эгаллади.

Бундан ташқари, жорий йилнинг май ойида Қозоғистон Республикасида картинг бўйича ўсмирлар ўртасида ўтказилган чемпионатнинг биринчи босқичида ташкилот спортчиси, 14 ёшли Ясмина Эгамбердиева «ОК-жуниор» синфида биринчи ўринга сазовор бўлди. Шунингдек, апрель ва май ойларида Қозоғистонда картинг бўйича ўтказилган республика чемпионатларида 11 ёшли спортчи Амир Ҳамраев икки маротаба биринчи ўринни қўлга киритди.

Шунингдек, 2021 йилдан Ташкилот тизимида оммавий техник касбларга тайёрлаш муассасаларида «Темир дафтар», «Аёллар дафтари» ва «Ёшлар дафтари»га киритилган оилаларнинг фарзандлари имтиёз асосида ўқитилмоқда.

Шу билан бирга, ўтган йилдан буён «Ватанпарвар» ташкилоти ҳамда Ўзбекистон Қуролли Кучлари таркибидаги вазирликлар ва идоралар ўртасида тузилган ҳамкорлик меморандумларига кўра, муддатли ҳарбий хизматни ўтаётган ёшлар «Ватанпарвар» ташкилоти тизимидаги замонавий инновацион технологиялар билан жиҳозланган автомототранспорт ҳайдовчиларини тайёрлаш курсларида ва яна 10 хил техник касбларга мўлжалланган ўқув курсларида ўқитилиши йўлга қўйилди.

Жорий йил бошидан «Ватанпарвар» ташкилоти республика ёшлари билан ишлашнинг янада янги тизимларини йўлга қўйди. Ёшлар спортнинг техник ва амалий турлари бўйича фаолият юритаётган спорт секциялари ва тўгаракларида бепул шуғулланишларидан ташқари спорт соҳасида муваффақият қозонган тақдирда, республика, МДҲ, Осиё ва жаҳон чемпионатлари мусобақаларида «Ватанпарвар» ташкилоти маблағлари ҳисобидан иштирок этади.

Ташкилот томонидан вилоят миқёсида ўтказилган спорт мусобақасида ғолиб бўлган ёшлар тизимдаги оммавий техник касб мутахассисларини тайёрлаш ўқув курсларида 30 фоиз чегирма асосида, республика мусобақасида ғолибликни қўлга киритганда 50 фоиз чегирма асосида ўқиш имкониятига эга бўлади. Спортнинг техник ва амалий турлари бўйича республика ва халқаро мусобақаларда юқори ўринларни қўлга киритган ёшлар олий таълим муассасаларига имтиҳонсиз қабул қилинади.

 

Моҳигул Қосимова,
ЎзА